Божхона тизими олдида қандай вазифалар турибди?
Халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлаш, хорижий ҳамкорлар билан манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва янги иқтисодий имкониятларни ишга солишда йирик халқаро тадбирларнинг аҳамияти беқиёс. Бундай нуфузли анжуманларга тайёргарлик эса нафақат ташкилий, балки иқтисодий, инфратузилмавий ва институционал жиҳатдан ҳам пухта ёндашувни талаб этади. Айни жараёнда божхона тизими зиммасига юкланадиган вазифалар алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бухоро вилоятида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини кенг намоён этиш, нуфузли халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил қилишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда ҳар бир вазирлик ва идора олдига ўз соҳаси имкониятларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кўрсатиш ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Шу нуқтаи назардан, Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга Божхона қўмитаси тизимининг тайёргарлик масалалари муҳокама қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида Божхона қўмитаси раиси А. Мавлонов бошчилигида шахсий таркиб иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур тадбирларга тайёргарлик, божхона органлари олдида турган устувор вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари атрофлича кўриб чиқилди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган йиғилишда қўмита раисининг ўринбосарлари ҳамда Марказий аппарат таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳам қатнашишди.
Муҳокамаларда халқаро тадбирлар доирасида божхона соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ташқи савдо иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, бугунги глобал иқтисодиётда божхона тизимининг самарадорлиги фақат назорат тадбирларининг тезкорлиги билан эмас, балки савдо жараёнларининг қанчалик соддалаштирилгани, логистика имкониятлари ва халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш даражаси билан ҳам белгиланади.
Шу маънода, Бухоро шаҳрида барпо этиладиган янги халқаро аэропортда божхона назоратини замонавий, интеллектуал ва “ақлли” технологиялар асосида ташкил этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу эса келгусида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, назорат жараёнларини тезлаштириш ва хавфсизликни таъминлашда янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Йиғилишда халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — божхона тартиб-таомилларини ўзаро мувофиқлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида хорижий ҳамкорлар билан ахборот алмашинувини кенгайтириш, божхона жараёнларини уйғунлаштириш ва, айниқса, транзит ташувларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бу бежиз эмас. Чунки халқаро савдода вақт ва логистика харажатлари рақобатбардошликни белгилайдиган муҳим омиллардан ҳисобланади. Чегаралардаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, юкларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш нафақат тадбиркорлар учун қулайлик, балки мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Айниқса, Олoт туманида жойлашган “Олот” чегара божхона постининг ўтказувчанлик имкониятларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Мазкур ҳудуд Хитойдан Марказий Осиё орқали Эрон ва Кавказ мамлакатларига юк ташишда муҳим аҳамият касб этаётган “Ўрта йўлак” транспорт-логистика тизимининг истиқболли бўғинларидан бири саналади.
Шу боис пост инфратузилмасини такомиллаштириш, ташувчилар ва жисмоний шахслар учун қулайликларни кенгайтириш, чегарадан ўтиш жараёнларини тезлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, вилоятда ташқи савдо ҳажмининг ортиб бораётгани божхона назоратини бошқаришда ҳам янги ёндашувларни тақозо этмоқда. Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармасида вазиятни тезкор таҳлил қилиш, жараёнларни мувофиқлаштириш ва самарали қарорлар қабул қилиш имконини берувчи Ситуацион марказ ташкил этиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Умуман, муҳокама қилинган масалалар Бухорода ўтказиладиган халқаро тадбирларга тайёргарлик фақат уларни юқори савияда ташкил этиш билан чекланмаслигини кўрсатади. Бу жараён, энг аввало, ҳудуднинг транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, божхона хизматларини замонавийлаштириш, ташқи савдо учун қулай муҳит яратиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадамдир.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ таклифлар ҳамда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Энг муҳими, бугун халқаро ҳамкорлик учун яратилаётган имкониятлар эртага ҳудуд иқтисодиёти, тадбиркорлик муҳити ва аҳоли фаровонлигида ўзининг амалий ифодасини топиши керак. Бухорода амалга оширилаётган тайёргарлик ишларининг асосий мазмуни ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири