Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Сирғали» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2024 йил 25 июндан божхона кўрикларини божхона ходимларига автоматик тақсимлаш тизими синов тарзида ишга туширилди.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2022 йил 1 декабрдан бошлаб, божхона кўриги жараёнларини қамраб олган мобил электрон тизим ишга туширилган эди.
Ўтган қисқа муддат давомида мазкур тизим расмийлаштирув вақти ва тадбиркорларнинг харажатларини тежаш, кўрик жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш ва унинг натижаларини қайд этиш имконини берди.
Шу вақтга қадар ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тадбиркорларнинг юкларини божхона кўригидан ўтказишни ходимларга тақсимлаш асосан пост бошлиғи томонидан амалга оширилар, бунда инсон омили сақланиб қолаётган эди. Янги тизим эса айни шу ҳолатни бартараф этади.
Натижада, божхона кўриклари пост миқёсида ходимларга тенг тақсимланади. Шунингдек, ходимларнинг доимий равишда айнан бир тадбиркорларнинг юкларини сурункали божхона кўригидан ўтказиши каби ҳолатларга чек қўйилади.
Маълумки, божхона кўриклари нафақат пост ҳудудида, балки бир-биридан турли масофада жойлашган божхона омборларида ҳамда тадбиркорлик субъектлари корхоналарида ўтказилади. Шу сабабли, янги тизим кўрик жараёнларини ходимларга тақсимлашда қулай локацияни инобатга олади. Яъни, божхона ходими бир кўрикни тугатар экан, тизим автоматик равишда кейинги кўрикни унга яқин манзилдан танлайди. Бу эса энг аввало, иш вақтидан самарали фойдаланиш, пировардида божхона кўригига сарфланадиган вақтни қисқартириш имконини беради.
Яна бир жиҳат – илгари пост бошлиғи ходимларга божхона кўригини тақсимлар экан, ходимлар қайси тадбиркорнинг юкини кўрикдан ўтказиши ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлишар эди. Энди эса ходим қайси тадбиркорнинг товарларини божхона кўригидан ўтказишини олдиндан билмайди.
Шу ўринда тадбиркорларимиз ҳам ўзларининг шахсий электрон кабинетлари орқали ташқи савдо юкларининг божхона кўриги қачон ўтказилиши ҳақида маълумотларга эга бўлиб бормоқда. Натижада, уларнинг божхона постига келиши ва божхона кўригига чиқадиган ходимни кутиб туришларига ҳам ҳожат қолмайди.
Ушбу тизим биринчи навбатда божхона постида бошлиқ ва ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олади, божхоначилар ва тадбиркорлар ўртасидаги коррупцион омилларни қисқартиради.
Синов тарзида ишга туширилган мазкур тизимни такомиллаштириш юзасидан «Сирғали» божхона постида тадбиркорлардан ҳам таклиф ва мулоҳазалар олинмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА