Божхона қўмитаси томонидан товар ва транспорт воситалари ҳаракати юқори бўлган йирик чегара божхона постларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тезкорлик билан амалга ошириш учун махсус белгилар билан жиҳозланган алоҳида йўлаклар ташкил этилади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси маълумотига кўра, бунда тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари (пиёз, карам, гилос, ўрик ва бошқалар) ортилган транспорт воситаларини ушбу йўлакларга йўналтиришда устуворлик таъминланади.
Экспортга йўналтирилаётган тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари ортилган транспорт воситаларига халқаро стандартларга мос бўлган фарқлаш белгисини (автотранспорт воситасининг олд ойна ўнг томонига) ўрнатиш тавсия қилинади.
Бу чегара божхона постларида ушбу транспорт воситаларини алоҳида йўлакка йўналтиришда муҳим роль ўйнайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА