“Ғишткўприк” чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган пиёдага тегишли қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида шубҳали ҳолат аниқланди. Текширув давомида сумка ичида божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган бир бош илон борлиги аниқланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, узунлиги 3 метрга тенг бўлган йўлбарссимон альбинос бўғма илони асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда учрайди.
Халқаро Қизил китобга киритилгани сабабли мазкур жониворни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда халқаро CITIES рухсатномаси талаб этилади. Аммо, юқоридаги ҳолатда йўловчи бу каби ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмади. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳозирда илон Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, мутахассислар унинг ҳолатини барқарор деб баҳолашмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.