Божхона — иқтисодий манфаатлар ҳимоясида
Бугунги кунда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот, экспортни қўллаб-қувватлаш, давлат бюджети даромадларини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, Тошкент вилояти божхона бошқармаси фаолиятининг муҳим йўналишларидир.
Божхона хизмати нафақат давлат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, балки тадбиркорликни ривожлантириш, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бошқармада тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этилиб, божхона расмийлаштируви, экспорт-импорт операциялари, логистика, божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳамда чегара постларида юкларни тезкор ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинади. Муҳими, бу учрашувлар билдирилган фикр ва таклифларни тинглаш билан чекланмай, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилмоқда.

Божхона органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда иқтисодий кўрсаткичлар муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилда Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан жами 11,8 триллион сўм божхона тўловлари ҳисобланди. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 4,2 триллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди. Натижада давлат бюджетига 7,6 триллион сўм маблағ ўтказилиши таъминланди.
Ушбу рақамлар божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ва давлат бюджети манфаатларини таъминлаш вазифалари ўзаро уйғун равишда амалга оширилаётганини кўрсатади.
Айни пайтда чегара-божхона постларида юк ва йўловчилар ҳаракатини тезлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда ортиқча вақт сарфини камайтиришга қаратилган ташкилий ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Бу эса ташқи савдо операцияларининг самарадорлигини ошириш ва тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги имкониятларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш божхона органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Шу мақсадда бошқарма мутахассислари ҳудудлардаги корхоналар билан мунтазам мулоқот олиб бормоқда. Учрашувларда божхона тўловларини тўғри қўллаш, импорт хом ашёсини қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари юзасидан амалий тавсиялар берилмоқда.
Бу борада «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими тадбиркорлар учун муҳим иқтисодий механизмлардан бирига айланган. Мазкур режим импорт қилинаётган хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга йўналтириш имконини беради.
Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Тошкент вилоятидаги 90 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти томонидан қиймати 421 миллион АҚШ долларига тенг импорт хомашёси ушбу божхона режимига жойлаштирилди. Қайта ишлаш жараёнлари якунлангач, қиймати 184 миллион АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу натижалар хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Божхона хизмати олдида турган муҳим вазифалардан яна бири божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, бундай ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, шунингдек, контрабандага қарши самарали курашишдир. Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимдаги барча бўлинмалар, гуруҳлар ва божхона постларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш йўналишида 41 та ҳолат аниқланиб, 222 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу каби чора-тадбирлар мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Тадбиркорлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда очиқлик, тезкорлик ва жамоатчилик билан мулоқот муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Тошкент вилояти божхона бошқармаси фаолиятига оид янгиликлар, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва долзарб маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари бошқарманинг расмий Telegram канали орқали соҳага оид янгиликлардан хабардор бўлишлари мумкин. Экспорт-импорт операциялари ва бошқа божхона масалалари юзасидан мурожаат қилиш учун эса ишонч телефони фаолият юритмоқда. Зеро, божхона хизмати самарадорлиги нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар, қонунийликнинг таъминланиши ва жамоатчилик ишончи билан ҳам белгиланади.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси фаолиятида ушбу йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Искандар Агзамходжаев,
Тошкент вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи, подполковник,
ЎзА