Божхона институтида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади
Конференция “Божхона тадқиқотлари – 2026: хавфсизлик ва тезкорлик ўртасидаги мувозанатни таъминлаш – янада ҳимояланган ва фаровон глобал савдо муҳитини яратиш йўли” мавзусида бўлди.
30-31 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган халқаро конференциянинг очилишида Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Туркия, Беларус, Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркманистон ва Тожикистон давлатларининг соҳавий таълим муассасалари ва элчихоналари делегациялари иштирок этди.

– Бугунги кунда халқаро савдода хавфсизликни таъминлаш, товарлар ҳаракатининг эркинлиги ва қонунийлигини кафолатлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳар бир давлат олдида турган устувор вазифалардан биридир, – деди Божхона қўмитаси Раиси. – Бунда эса ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва билим-тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга.

Анжуман давомида божхона тизимида сунъий интеллект технологияларини қўллаш, товарларнинг чиқариб юборилгандан кейинги назоратини кучайтириш ҳамда солиқ-божхона сиёсатининг ўзаро интеграцияси каби масалаларда сўз борди.

Шунингдек, халқаро конференцияда соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг самарали ечимларини биргаликда излаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва келгусидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини шакллантириш режалаштирилган.
М.Комилова, ЎзА