Божхона: беш ойлик фаолият сарҳисоб қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бошқарма томонидан мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, давлат бюджети даромадларини шакллантириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда чегара орқали товар ва транспорт воситаларининг қонуний ҳаракатини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида божхона соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизимда рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш ва коррупция хавфларини бартараф этишга қаратилган замонавий механизмлар босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши натижасида, бугун божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлиги ортиб, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақтнинг қисқариши билан бир қаторда сифат даражасининг ортишига замин яратилмоқда. Хусусан, божхона қўмитаси томонидан амалиётга татбиқ этилган 40 дан ортиқ интерактив хизмат орқали жисмоний ва юридик шахсларга соҳага оид очиқ маълумот ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида олиб қарасак, ўтган 2026 йил 5 ой давомида товарлар ташқи савдоси (махсус экспортдан ташқари) 411,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 101,2 миллион АҚШ долларига кўпайган. Шундан бошқарма томонидан қиймати 130,8 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулот экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Республика ҳудудидан асосан пластмасса ва резина, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари, технологик асбоб-ускуналар, металл ва металл буюмлар, ўсимликлар ва улардан олинган маҳсулотлар, тирик ҳайвонлар, қисмлари ва озуқалари, кимё саноати маҳсулотлари ташкил этиб, жами экспортнинг 88,3 фоизига тўғри келди.
Товарлар экспорти дунёнинг Туркия, Хитой, Россия, Латвия, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Қироллик, Литва каби бир қатор давлатларига амалга оширилди. Ҳозирги вақтда ҳудудда товарлар экспорти билан шуғулланувчи субъектлар 101тани ташкил этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш йўлида қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан ўтган 2026 йил 5 ой давомида ТИФ қатнашчиларига жами 465 миллиард 88 миллион сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз қўлланилди. Бу эса олдинги йилга нисбатан тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун берилган имтиёзларнинг 152,31 миллиард сўмга ёки 49 фоизга ортганлигидан далолат бермоқда.

2026 йилнинг ўтган даври мобайнида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими томонидан жами 12 минг 435 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган. Яъни, бунда божхона соҳасига илғор инновацион дастурларнинг жорий этилиши натижасида, жами декларацияларнинг 87,8 фоизи соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини кўриш мумкин. Бунинг натижасида эса, ҳалол тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, товарларнинг ўз манзилига тез фурсатларда етказилиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Довут-ота” чегара божхона постини 2026 йил якунига қадар қурилиш-монтаж ишларини якунлаш белгиланган. Бугунги кунда, мазкур чегара божхона постида 2-босқич қурилиш ишлар амалга оширилмоқда ҳамда фаолияти тўхтатмаган ҳолда юритилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, товарларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур постда барпо этилган замонавий терминал орқали товарларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш имконияти йўлга қўйилган.
2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида “Довут-ота” чегара божхона постида жами 3 минг 43 та қиймати 63,0 миллион АҚШ долларига тенг товар расмийлаштирилиб, 105 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўлови ундирилди. Шунингдек, мазкур даврда пост орқали 60 мингдан зиёд юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлиб, божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилган.
Божхона маъмурчилиги соҳасидаги халқаро стандартлар талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган талабларга жавоб берадиган инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди.
Бугунги кунда республикада ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган 173 та юридик шахс божхона операцияларини амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келмоқда, шундан 6таси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритмоқда. Мазкур институтнинг жорий этилиши, божхона тартиб-таомилларининг янада соддалаштирилишига, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек, бизнесни ривожлантириш мақсадида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 сентябрдаги “Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашни янада соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режими тўғрисидаги низом, Божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш тақиқланган товарлар рўйхати тасдиқланди. Ушбу тартиб тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар давомида янги қулайлик сифатида ҳамда "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режими афзалликлари ҳақида тарғибот амалга оширилиб келинмоқда.
Ушбу қарор билан тадбиркорлар четдан олиб кирилган бутловчи қисмлар ва хомашёларни божхона тўловисиз олиб киришларига имкон яратилди, ушбу товарларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариши, ёки экспорт ҳажмини ортишига сабаб бўла олади. Ушбу йўналишда ҳисобот даврида 13 та корхона томонидан қиймати 9 миллион 370,3 минг АҚШ долларига ва вазни 39 минг 159,2 тоннага тенг товар “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, шундан қиймати 11 миллион 933,0 минг АҚШ долларига ва вазни 22 минг 36,46 тоннага тенг қайта ишлаш маҳсулоти экспорт (реэкспорт) қилиниши таъминланди. Тадбиркорлар бу қулайликлардан самарали фойдаланиши ва келгусида ҳам экспорт ҳажмини оширишда амалий кўмаклар амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 394 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 19 миллиард 250 миллион сўмлик товар-моддий бойлик ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 11 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бошқарма ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари, қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2026 йил дастлабки 5 ой давомида жами 10 та ҳолатда 609,92 гр гиёҳвандлик моддаси, тамаки маҳсулотларинингнг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 16 та ҳолатда қиймати 197 миллион сўмлик тамаки маҳсулоти, спирт ва алкоголь ичимликларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жами 48 та ҳолатда қиймати 208,6 миллион. сўмлик 1503 литр спирт маҳсулотининг ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди.
Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлари ҳам божхона органлари фаолиятида тизимли амалга оширилмоқда. Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши тизимга жорий этилган замонавий ахборот дастурлар фаолияти натижасида инсон омилининг минималлаштирилиши ҳисобига юз бермоқда.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Шунингдек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ журналистларга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари