Бўзатовда замонавий насос станцияси ишга туширилди
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Оролбўйи ҳудудида ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўриб келинмоқда.
Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ, Амударёнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани ҳудудидан ўтадиган қисмида қуввати 3 м3/секунд бўлган NDN-24 насос агрегатларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди.
Янги барпо этилган замонавий насос станциясининг тантанали очилиш маросимида Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, фермерлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш, санитария ҳолатини яхшилаш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишда муҳим ўрин тутади.Насос агрегатларининг ўрнатилиши натижасида тумандаги 1,5 минг нафар аҳолининг 210 гектар томорқа майдони, 2,8 минг гектар суғориладиган ер ва 3,5 минг гектар яйлов майдонини оқар сув билан таъминлаш имконияти янада яхшиланади.
Ушбу ишларга қурилиш бошидан жами 13,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Айни пайтда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан агрегатлар соз ҳолатда сақланиб, ҳудуднинг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.