Президентимиз фармонига мувофиқ мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида олис Бойсун туманида истиқомат қилаётган моҳир ҳунарманд-тўқувчи Ражабой Тўхтаева ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов тоғли тумандаги Тоқчи маҳалласида бўлиб, ҳунарманд-тўқувчига ана шу мукофотни тантанали равишда топширди. Президентимиз табригини етказиб, мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан табриклади, совға-саломлар улашди.
Шу йил 63 ёшни қарши олган Ражабой Тўхтаева болаликдан ҳунармандчиликка меҳр қўйди. Қўли гул момолардан Бойсуннинг ноёб жамалаклари, сўзана, дўппи ва каштачилигини қунт билан ўрганди. Кейинги йилларда ҳунармандларга берилаётган имтиёз ва яратилаётган шароитлардан қувониб, бу касбга янада кўпроқ меҳр берди. Шу пайтгача аждодлардан мерос қолган ҳунармандлик сир-асрорларини қизлари ва невараларига ўргатган бўлса, сўнгги йилларда маҳалла қизларини ҳам бу касбга жалб эта бошлади. Кўзларни қамаштирадиган Бойсун жамалакларини тўқиш, мафтункор тоғ гўзаллиги акс этадиган дўппи ва сўзаналарни тикишдан сабоқ беришни йўлга қўйди.
– Пойтахтимиздан олисда тоғлар қўйнида яшайдиган бир ҳунарманднинг ишини кузатиб, камтарона меҳнатини тақдирлаган Президентимиздан миннатдорман, – дейди Ражабой Тўхтаева. – Бу мукофот мени янада илҳомлантириб, кучимга куч қўшди. Кўпроқ изланиб, момоларимиздан мерос қолган касбни янада ривожлантиришга, ёшларга қунт билан ўргатиб, келгуси авлодларга бекаму-кўст етказишга ундади. Албатта, бу ишончни оқлайман. Мана, ҳозир ҳам маҳсулотларим билан хорижга ўзим боролмаётган бўлсам-да, шогирдларим уларни дунёга кенг намойиш этмоқда. Шундай нафис касбни танлаганимдан ҳамиша фахрланаман.
Давлатимизнинг юксак мукофотини қабул қилиб олган Ражабой Тўхтаева бугунги обод, озод ва фаровон ҳаётга етказгани учун шукрона айтар экан, Ватанимиз тинчлиги, эл фаровонлиги ва инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири