Фестиваль осмонўпар тоғлари, гўзал табиат манзаралари, шифобахш гиёҳ ва зилол сувлари, болдек ширин меваларию, тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятлари билан сайёрамиз сайёҳларини мафтун этиб келаётган туманнинг “Бойсун баҳори” туризм комплексида бўлиб ўтмоқда.
Олма етиштираётган фермерлар, Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ва деҳқон хўжаликлари замонавий комплексда турли рангда товланувчи болдек ширин мевалар кўргазмасини ташкил этиб, ўз маҳсулотларини кенг намойиш этмоқда. Шунингдек, мажмуада Бойсуннинг шифобахш гиёҳлари, асал, нок, узум ва бошқа ранг-баранг мевалари, бойсунлик пазандалар тайёрлаган турли таомлар, миллий ҳунармандлик буюмлари ҳам ўрин олган.
Сурхондарё вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган анъанавий фестиваль тоғлар қўйнидаги сўлим гўшанинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга йўналтирилган.
[gallery-20156]
Мамлакатимизда кейинги йилларда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор маҳаллий навли олмалар қаторида Крепсон, Симиренко, Голден, Карлик каби кўплаб турдаги серҳосил олма етиштириш учун Бойсунда ҳам қулай имконият яратди. Туманнинг Дуоба, Хўжаидод, Ўрмончи, Мачай, Дарбанд, Авлод каби маҳаллаларида етиштирилган олмалар мўътадил қуёш нурига тўйингани ва сервитаминлиги билан юртимиздан ташқарида ҳам ўз харидорларини топмоқда. Туманда қадимдан парваришланадиган “Бойсун” навли олма ширин таъми, серсувлиги ва витаминларга бойлиги билан мамлакатимизда шуҳрат қозонган бўлса, эндиликда бу гўшанинг болдек ширин мевалари дунё кезмоқда.
Бойсунлик соҳибкорларнинг айтишича, бу йил олма жуда мўл бўлган. Туманда қанча майдонда олма парваришланаётгани ва бу йил қанча мева териб-йиғиб олинганию, бу меванинг инсон организмига фойдалари, узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг олма таъми ҳақидаги қизиқарли фикр-мулоҳазалари ва бошқа маълумотлар билан танишишни истасангиз сайтимизни кузатиб боринг.
Тадбир доирасида машҳур Омонхона шифобахш суви жойлашган ҳудудда туризм қишлоғининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Фестивалда олма етиштиришда “Энг фаол маҳалла”, “Энг фаол ташкилот”, “Энг ширин олма боғи яратувчиси” каби танловлар ғолиблари аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Фольклор жамоалари ва эстрада хонандаларининг қизиқарли концерт дастури намойиш этилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири