“Бойсун баҳори”да энг моҳир полвонлар гиламга тушди
Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг кураш мусобақаси финал босқичи якунланди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувда қизлар -63 килограмм, эркаклар 66, 81 ва +81 килограмм вазн тоифасида гиламга тушиб, аждодлардан мерос қолган ўзбек кураши мардлик, бағрикенглик, олийжаноблик, ҳалоллик каби юксак фазилатлар тимсоли эканини кенг намойиш этди.

Финал баҳсларининг эркаклар ўртасидаги +81 килограмм вазн тоифасида таниқли полвон Бекмурод Олтибоев барча рақибларини енгиб, “Cobalt” автомобилини қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги 81 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлган Алимардон Абдулахатов “Damas” автомашинасига эгалик қилди. 66 килограмм вазн тоифасидаги полвонлар беллашувида Асадбек Мохиров рақибларидан устун келиб, туя совринига сазовор бўлди.
Аёллар ўртасидаги мусобақада Маржона Эргашева биринчи ўринни эгаллаб, туя билан тақдирланди. Иккинчи ўрин соҳибаси от ва иккита учинчи ўрин ҳўкиз билан тақдирланди. Шунингдек, эркаклар ўртасидаги беллашувларда ғолиб бўлган бошқа совриндорлар ҳам туя, от ва ҳўкиз каби зотларни қўлга киритди.

Мутлоқ вазн тоифасидаги мусобақа ғолибларига бош соврин ¬ “Cobalt” ва “Damas” автомашинаси калитлари, эсдалик совғалар тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА