Боёвутда чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилади
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида маиший чиқиндиларни экологик хавфсиз қайта ишлаш, улардан самарали фойдаланиш ва муқобил энергия ишлаб чиқаришга қаратилган инновацион лойиҳа амалга оширилади. Жанубий Кореянинг KECC Holding Group ва Geotech Engineering-Design Group компаниялари билан ҳамкорликда илгари сурилаётган мазкур ташаббус ҳудудда экологик муаммоларни камайтириш ва энергетика салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов ва хорижий компаниялар вакиллари ўртасидаги учрашувда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини жорий этиш, полигонда чиқиндиларнинг биологик парчаланиши натижасида ҳосил бўладиган газдан электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, чиқиндиларни бошқариш жараёнида атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш билан бирга, улардан қўшимча энергетик ресурс сифатида фойдаланиш кўзда тутилган. Хусусан, полигонда тўпланадиган газни махсус тизим орқали йиғиш ва генераторлар ёрдамида электр энергиясига айлантириш режалаштирилган. Бу ёндашув чиқиндилардан оқилона фойдаланиш, зарарли газларнинг атмосферага чиқишини чеклаш ва муқобил энергия манбаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

— Чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия олишга қаратилган лойиҳалар туманимизда экологик барқарорликни таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш учун муҳим имкониятдир. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ушбу йўналишдаги таклифларни пухта ўрганиш, илғор тажрибани татбиқ этиш ва лойиҳани амалга оширишнинг мақбул механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз, — деди туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов.
Музокаралар давомида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини ташкил этиш, шунингдек, полигон газидан электр энергияси ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги ирригация каналлари асосида кичик гидроэлектр станцияларини барпо этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш учун қўшимча имкониятлар юзага келиши кутилмоқда. Мазкур ташаббус Боёвут туманида экологик хавфсизлик ва ресурслардан оқилона фойдаланишни уйғунлаштирган замонавий ёндашувларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири