Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида илк бор “Ўзбекистон – Миср” бизнес форуми иш бошлади. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлаб, ўз фикрларини билдирди.
Бизнес-форумда Миср Араб Республикасининг йигирмадан зиёд етакчи компания вакиллари қатнашмоқда. Мазкур бизнес-форум томонларнинг амалий ҳамкорлигини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Қайд этилганидек, охирги йиллар вилоятда 5 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Хусусан, қурилиш материаллари, энергетика ва туризм соҳалари, керамик плиталар ишлаб чиқариш бўйича кўплаб ривожланган давлатларнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 100 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилган. Бунинг натижасида 100 минглаб янги иш ўринлари яратилган.
Тадбир давомида Тошкент вилоятининг иқтисодий ва саноат соҳаларидаги имкониятлари ҳақида меҳмонларга маълумот берилди. Жумладан, вилоятда 6 та эркин иқтисодий ва 70 та кичик саноат зоналар мавжуд бўлиб, улар муайян йўналишга ихтисослашган. Минтақанинг юқори туристик салоҳияти қулай табиий-иқлим шароити, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, қадимий тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар билан белгиланади. Бу эса туризмни ривожлантиришга имкон беради.
Тадбир доирасида мисрлик ишбилармонлар билан “B2В” форматидаги учрашувлар ва кооперацион биржа ташкил қилинмоқда. Унда Ўзбекистон ва Миср ишчи доира ва корхоналар вакилларининг ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Турли инвестиция лойиҳаларига оид тақдимотлар ўтказилади. Форум иштирокчилари Бўстонлиқ туманидаги туристик корхоналар ва Чирчиқ шаҳридаги саноат технопарки билан танишади.
Бизнес-форум якуни бўйича туризм, фармацевтика, электротехника ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли инвестицион ва савдо келишувлар имзоланиши режалаштирилган.
А.Мусаев,ЎзА.