Бўстонлиқ туманидаги чиқиндилар муаммоси назоратга олинди
Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида ноқонуний чиқиндихона юзага келгани акс этган видеоматериал тарқалиши жамоатчилик эътиборини тортди. Ушбу ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан тезкор чоралар кўрилди.
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ишчи гуруҳи ҳудудга чиқиб, вазиятни атрофлича таҳлил қилди.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, чиқиндилар юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланмаган жойларга ташланиши оқибатида тўпланиб қолган. Шунингдек, ушбу ҳудуд санитaр тозалаш корхоналари хизмат кўрсатишнинг жорий режа-график ишларига киритилмагани маълум бўлди. Шунга қарамасдан, агентлик томонидан вазиятни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Айни пайтда агентлик ҳузуридаги кузатув ва назорат бўлими томонидан ҳудудга 24/7 режимида ишловчи замонавий кузатув камераларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу камералар орқали белгилаб қўйилмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш имконияти яратилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА