Жиноят қонунчилигига кўра босқинчилик – ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган қилмишга айтилади.
Бу жиноят учун қонунда бошқа жиноят турларига қараганда оғирроқ жазо назарда тутилган. Чунки босқинчиликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси анча юқори бўлиб, ушбу қилмишни содир этиш вақтида шахсни соғлиғи хавф остида қолади. Айни вақтни ўзида жабрланувчининг ҳаёти жиноят содир этаётган шахснинг қўлида бўлади. Бу каби турдаги жиноятлар қатъий жазоланмас экан жамиятдаги мувозанатни издан чиқаради. Босқинчилик сўзининг ўзи инсонни қалбида қандайдир қўрқув ва ҳадикни келтириб чиқаради.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида босқинчилик жиноятини содир этган икки нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо берилди. 2021 йил март ойи ўрталарида А.Қурбонов танишлари Р.Зуннунов ва Ж.Ўктамов билан Фарғона шаҳрида ижарага олган уйида кўришиб, уларга Тошлоқ тумани Катта кўча маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи К.Умаровнинг яшаш хонадони ётоқхонасидаги темир сейфда кўп миқдорда пул сақлаб келишини айтиб, биргаликда мазкур пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш ҳақида жиноий режа тузган.
Жиноий режага кўра, А.Қурбонов жиноятни содир этишда зарур бўладиган пичоқ, жабрланувчиларни қўл-оёқларини боғлаш учун скотч, бинт, юзларини яшириш мақсадида қора рангли аёллар пайпоғи ҳамда воқеа жойида бармоқ излари қолдирмаслик учун 3 дона тиббиёт қўлқопларини сотиб олиши, жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари Ж.Ўктамов ва Р.Зуннуновлар эса жабрланувчини пул маблағлари сақланадиган жой ҳақида тўлиқ маълумотларни тўплаши ва ушбу босқинчилик жиноятни биргаликда содир этишлари лозим бўлган.
Жиноий режага асосан, 2021 йил 26 март куни соат 23: 30 ларда жиноий гуруҳ аъзолари А.Қурбонов ва Ж.Ўктамов биргаликда жиноят содир этиш учун тайёрлаб қўйилган бир дона пичоқ, скотч билан қуролланиб, К.Умаровни яшаш хонадонига боришади. Тунги вақт бўлганлиги ва атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, юзларига аёллар пайпоғидан кесиб олдиндан тайёрланган юз ниқоблари, қўлларига тиббиёт қўлқопларини кийиб К.Умаров яшаш хонадонига девор орқали ғайриқонуний равишда ошиб ўтишади. Ётоқхонада ухлаб ётган К.Умаровнинг олдига бостириб кириб, у ерда бўлган К.Умаров ва унинг турмуш ўртоғи Ш.Умароваларни ҳушидан кетказиш мақсадида А.Қурбонов Ш.Умаровани, Ж.Ўктамов эса К.Умаровни қўллари билан бўғишган, уларни мазкур ҳаракатларидан К.Умаров ва Ш.Умарова уйғониб кетиб, уларга фаол қаршилик кўрсатган. К.Умаров Ж.Ўктамовни ушлаб олгани учун А.Қурбонов жиноий шеригини К.Умаровни тутқинидан қутқариш мақсадида ушбу хонадонда бўлган ошхона пичоғи билан К.Умаровни бош ва қорин соҳаларига бир неча маротаба уриб, унга тан жароҳати етказиб, жиноий шериги Ж.Ўктамовни уни тутқинидан қутқариб, жиноят жойидан қочиб яширинишган.
Босқинчилик жинояти оқибатида К.Умаров ва Ш.Умарова тан жароҳати олиб, Тошлоқ тумани марказий шифохонасига даволаниш учун мурожаат қилган.
Суднинг ҳукми билан А.Қурбонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 164-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан ЖК 59-моддасининг 3-қисми ва 61-моддасига асосан, ўташ учун узил-кесил 11 йил 3 ой муддатга, Ж.Ўктамовга 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу ўринда жабрланувчиларнинг жиноят содир этиш пайтидаги руҳий ҳолатини тасаввур қилиб, бу каби тарзда содир этилган жиноят бежиз ўта оғир жиноятлар туркумига киритилмаганини тушунади киши. Айни ҳолатда суд томонидан қонун устуворлиги таъминланиб, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.
Аброрхон Акрамов,
Фарғона вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича судлов
ҳайъати судьяси