Бошим пойингда, Ватан...
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевани хотирлаб...
Ватанга чексиз муҳаббат туйғуси уфуриб турган ушбу ёниқ мисра муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева агар ҳаёт бўлганида айни кунларда умрининг етмиш тўққизинчи баҳорини кутиб олаётган бўларди...
Ёш Ҳалимадаги шеърий қобилиятни илк бор таниқли адиб, давлат ва жамоат арбоби Ўзбекистоннинг кўп йиллик биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Шароф Рашидов пайқаган ва бағридарё устоз вилоят масъулларига бу қизалоққа “кўз-қулоқ” бўлишни тайинлаган. Кейин ўтган асрнинг 70-йиллари шароитида қишлоқлик қизнинг шаҳарга илм излаб бориш машаққатлари бошланади – Тошкент, сўнг Москвадаги Адабиёт институтидаги сабоқлар...
Ҳали талабалик чоғи китоби чиққан омадли ижодкорлар бор бўлса, шулардан бир у эди. Истеъдоди ва табиатидаги бутунлик уни омад пиллапояларидан тез кўтарилишини, элга танилишини таъминлайди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон халқ шоири эди у. Узоқ йиллар машҳур “Саодат” журнали жамоасини бошқарди. Хотин-қизлар қўмитасига раҳбар бўлди. Ва ҳоказо...
Ва, иттифоқо, умрининг маълум бир даврида у яккаланиб, бир пайтлари гавжум бўлган ён-атрофида тирик жон қолмагандек бўлди гўё.
Нима, чиндан ҳам У ёлғизмиди, деган савол кўндаланг бўлади энди. Фақат, йўқ, дейишга шошилмайлик.
Инсон руҳан ёлғиз бўлишни истайдиган, орзу қиладиган онлар бўлади. Ёлғизлик тоблаб қалби кучга тўлган, таъбир жоиз бўлса, шерга айланаётган одамнинг, боз устига у шоир бўлса, икки қўли бургутнинг ҳайбатли қанотидек кенг ёйилиб, самога кўтарилишини тасаввур қилганмисиз?!. Инсон бундай кезлар юксак-юксакларга учиши, кўтарилиши бор гап.
Хўш, шоира чекинишга чоғланган узлат, ёлғизлик ўзи нима эди? Эҳтимол, биринчидан, иккинчидан, учинчидан... дея кимдир шарҳлаб бериши мумкин бу ҳолатни. Лекин, бу саволга энг тўғри жавоб – шоиранинг шеърлари. Ҳалима опа ҳақида ҳеч ким унинг шеърларичалик очиқ, батафсил маълумот бера олмаса керак.
Аён-ки, ёлғизликни ҳеч ким ўз ихтиёри билан танламайди. Унинг бозори ҳам йўқ. “Бундай бахт”ни қачонлардир энг яқин бўлган инсонлар тақдим этади кишига, афсуски...
Эътибор бериб қарасангиз “Ёлғизлик” сўзида “Ишқ” сўзига яқин қондошлик бордек туюлади. Ишқ – руҳ ва жисмга чирмашган бир дард-ки, кун келиб соҳибидан қурбонлик талаб қилади. Ёлғизлик ана шу қурбонликнинг аччиқ меваси.
Эҳтимол, у қачонлардир танҳо қолишини ҳис қилган, сезгандир. Ахир, у шунчаки дуч келган томон гандираклаб кетаётган қандайдир оддий йўловчи эмас эди. Ўзигача довруғ таратган Мовароуннаҳр шоираларининг мунгли овозларига мардоналик бахш эта олган, шоираликни бир мақом баланд кўтарган, миллат дардини шеърларида баралла куйлаган катта шоир, довруғли шоира эди.
“Армоним бўлмасди, магарки Мавлонодек бир дўст топа олсам эди” дея орзу қилади бир шеърида у. Румийдек дўст топишни орзу қилган ошиқнинг худди табризлик Шамсдек ҳеч иккиланмай кундага қўйишга лойиқ боши ҳам бўлиши керак эмасми?.. Ҳалима опа бу савдо баҳосини яхши биладиган мард харидор эди.
Қалбидаги аёвсиз туғён оловли қанотлари узра уни юксакликнинг энг баланд чўққисига олиб чиқади. У ошиқлик мақомига аллақачон кўтарилиб бўлган эди...
Мангу тунмас. Офтоб – бир онлиғ бўлсам,
Армоним йўқ. Хароб ё шонлиғ бўлсам.
Ҳазрат Румийдай бир жон дўст топсайдим,
Майли унга Шамсдай қурбонлиғ бўлсам...
Азалдан унинг феъли, руҳиятида исёнга ўхшаш ғалаён бор эди. Бу унинг шеърларида бўй кўрсатиб турарди. Адабиёт билимдонлари, аҳли адаб ва фасоҳат аҳли буни вақтида илғаб, ундан умид қиларди. Йиллар ўтиб Ҳалима Худойбердиева нафақат бу ишончни оқлади, балки устоз мунаққид Озод Шарафиддинов эътироф этганидек “ҳақиқат ва адолат жарчиси” ўлароқ халқимиз меҳрини қозонди.
Унинг аёл зотига хос (майин-мулойимлик) бўлмаган ўктам овози жамики озод қалбли одамларнинг ички чақириғидек янгради.
Ҳа, “Дориломон кунлар” муждасини илк бор у айтган эди...
Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл! – дея баралла ҳайқирди. Айта олган ҳам у эди...
Ва буни унга қўшилиб бутун эл – миллат биргаликда айтди. Ҳали ҳам айтиб келади, бундан кейин ҳам айтади...
Унинг ўзбек оналари номидан айтган мана бу тилаклари ҳам аслдо эскирмайди, то ҳаёт бор экан – яшайдиган даъват, васият бўлиб қолаверади:
Ботирлар ўтган Ватандан
Ботирлар чиқсин, Худо.
Англасинлар, бор синоат
Бор сирлар чиқсин, Худо.
Улуғ оналардан мерос
Мартабамиз оналик.
Биз тебратган бешиклардан
Бобурлар чиқсин, Худо!
Оламнинг яратилиш ҳақидаги битикларда Одамнинг зуваласи учун ер юзининг турли бурчакларидан бир сиқимдан тупроқ олинади ва ушбу тупроқ узра нақд қирқ йил, шундан 39 йил ғам-ташвиш, бир йил севинч ёмғири ёғади, дейилади. Ҳалима опанинг шеърларида ана шу ибтидода инсон вужуди, тақдирига илоҳий ёмғир ила қоришиб кетган, бор бўлган беоромликни яққол кўрасиз, ҳис қиласиз.
Кўкларни суйиб ўтдикми, ё Раб,
Саратондан куйиб ўтдикми, ё Раб.
Бир изғирин келар устухонгача,
Совуқ мавсумларга етдикми, ё Раб!
Севимли шоирамизнинг қуйидаги тўртлигидаги ишора бундан-да таъсирли:
Сиртим шоён, ич-хўрсиниқ, тутунлигим кўр,
Ғужғон юлдузлар-да, синиқ бир тунлигим кўр.
Харсанг тегиб минг бўлакка бўлинган жомман,
Аммо юрганимда тиклик, бутунлигим кўр...
Бу – ўзбек, Шарқ, мусулмон аёлининг тимсоли. У - синмайди. Юраги доим алла, ҳаёт қўшиғини куйлаб туради.
Ҳалима опа шеърларида тоши оғир босадиган сўзларни саралаб-саралаб, ўрни-ўрни билан ишлатади. Сирти шоён, ичи хўрсиниққа тўла, дунёси қоп-қоронғу... аммо, қадди тик... “Бутунлигимни кўр!” деяётган аёл – Она пайдо бўлади кўз ўнгингизда.
Шеър, шоир шундай бўлиши керак эмасми?
Ҳалима Худойбердиева ижодида юракларни аллаловчи сокинлик йўқ. Кўрмайсиз. Зотан, шеър ўз номи билан шеър... Унинг вужуди, руҳи – жисму жонида ибтидодаги ўша қирқ йиллик “ёмғир” аломатлари мавжудлигини, жўш ураётгани “шивири”ни эшитиб турасиз. Бу азалий ёмғир садолари одам боласининг ўзи ҳақидаги қўшиқ, бу қўшиқни куйламай, тингламай бўладими? Бундай қўшиқларни ким яратади? Албатта, чин шоирлар. Ҳалима Худойбердиева ана шундай асл шоирларнинг олдинги сафларида турарди.
Шубҳасиз, инсонни ғам тарбиялайди. Аммо, шоир аввало инсон ўлароқ бу дард олдида таслим бўлгиси келмайди. “Дориломон кунлар...” келганда оғир дамларни унутади. “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...” дея шукрона келтиради. Аслида ҳам Одам боласининг умри ғам-ташвиш ва дориломон кунлар орасида кечади...
Онагинам!
Дориламон кунлар кулди, шафақлари ол,
Қаён боқсанг, шайланишар ва созлашар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.
Сўлғин-сўлғин лабларингдан учаркан шу сўз,
Отагинам хаёлимда ростлай бошлар қад.
Дориамон кунларга қайт, онам, юмиб кўз,
Ўксик дилда бошланмасин десанг қиёмат...
Ҳалима Худойбердиеванинг қисмати шеърлари акс этиб туради. Шоир айтганидек, шеърлари – унинг қиссагўйи...
Шоира ҳеч иккиланмай “Мавлоно Жалолиддин Румийдек бир дўст бўлсайди” дейдиган даражага етмоғи учун қанча йўл босиб келганини биласизми?
Буни ҳам унинг ижоди “фош” қилиб туради. Ўтган асрнинг 60 – йилларида ҳали талабалик даврида чиққан “Илк муҳаббат” китобидан тортиб “Оқ олмалар”, “Чаман”, “Суянч тоғларим”, ”Бобо қуёш”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Ҳурлик ўти”, “Бу кунларга етганлар бор”, “Тўмариснинг айтгани”, “Йўлдадирман”, “Буюк қушлар”, “Осойишта шам” китобига кирган шеърлари Ҳалима опани шеърдан шеърга ўсиб, улғайган фавқулодда истеъдод соҳибаси эканини шарҳлаб туради. Кўп шоирларнинг илк шеъри қайси, балоғат ёшида битганлари қайси эканини устаси фаранг адабий синчилар ҳам ажратишга ожизлик қилиши мумкин, аммо Ҳалима опанинг шеърларини бир ҳовуч дондек сочвориб кейин йиғадиган шеърхон, ҳеч иккиланмай шеърларни хронологияси бўйича тартиб билан тизиб чиқиши мумкин. Сабаби эса аён. Унда аниқ юксалиш нуқталари – динамика бор.
“Турк”, “Туркистон”... каби бир замонлар мозий сандиғига улоқтирилган азиз сўзлар унинг ижодида “ҳаёт”га қайтганини кўрамиз. Шоиранинг “Туркистон томонларда” шеъри миллат болалари руҳини кўтарадиган мадҳиядек янграйди:
Энди турмоқ онидир эй энди тикланмоқ они,
Энди дунё кўражак туркий эл қалққанини.
Энди болаларига бало келса, қалқони –
Соҳибқирон туғи бор Туркистон томонларда...
Ёки шоиранинг “Туркнинг кўзи” номли шеъридаги ушбу сатрларга қаранг:
Ғамсиз тупроқ йўқдир бироқ,
Турк тупроғи ғамлироқ.
Кўзлар ичра... синчиклаб боқ,
Туркнинг кўзи намлироқ...
Бу сатрларга изоҳ бера оласизми? Уни фақат, ҳис қиласиз холос.
“Турк дунёсини ўнгловчилар” номли шеърда эса шоира қалбининг асл қиёфасини кўрасиз. Шеър ўзига хос аччиқ сўзлар билан бошланади:
Хижолатман, баъзан шундай хижолатли онлар келар,
Бўлиқ дон деб топганларим хас-хашак, сомон келар.
Бургутларни султон қуш деб, самолардан қидирсам,
Улар ерда гўнг титкилаб, тумшуқлари қон келар...
Туркий дунё парокандалиги ҳақида ўкиниб ёзган шоира шеърнинг кейинги сатларида ёруғ ниятлар, башоратлар қилади:
Гарчанд шу хил хаёлларда қовжирайман, гуллайман,
Турк дунёсини ўнгловчилар келмоғини тилайман.
Оҳим етар... Яссавий пир, Нақшбандий, Сулаймон,
Хокисор Улуғлар бари гуррос биз томон келар.
Кўр кўзларимизни очгай қадамларин чанги, денг.
Энди туркнинг далалари гулга киргай мангу, денг.
Ҳа, унинг овози – туркий эл-элатларнинг овозига айланиб улгурган эди. Шеърларида туркона руҳ, жанговарлик собит эди.
Бугун туркий халқларнинг бир-бирларига қардошларча бағир очишлари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги янги босқичларга чиқаётгани, бу борадаги муждалар шоирамиз орзу қилган кунлар келганидан дарак, хушхабар...
Ҳалима Худойбердиева шеърлари орқали қулоқларимиз остида жаранглаб турган, ”турк”, “Туркистон”, “Турон” сўзлари қалбларимизда азалий муҳаббат оловини қайта ёлқинлантираётганини ҳис қилаётгандекмиз бугун.
Шеър техникасини пухта эгаллаган шоирлар жуда кўп. Расамадини келтириб ёзилаётган шеълар талайгина. Аммо Шахсга айланган шоирлар кам, ноёб. Жамият ҳамиша Шахсларга муҳтож бўлган.
Ҳалима Худойбердиева шахсиятида Шахслик билан Ижод қай нуқтадан бошланиб, қай нуқтада уйғунлашиб кетишини аниқ айтиш қийин.
Билганимиз шуки, у мусибат палласи, кўнгиллар ғуссага чўмган палла ҳам кимга нима дейишини яхши биларди...
Дунё бир кам. Қадди шамшод етмайди,
Кам-кам етади-ю, бот-бот етмайди.
Яхшики келмаймиз. Қайта келсак ҳам,
Бизга майдон етмас, ё от етмайди...
Шу кичкина тўртликда ҳам чигал дунёни англаш, шоиранинг ўзигагина хос қарашлари, ҳаётий хулосалари жо бўлган.
Ҳалима Худойбердиева миллий шеъриятимиз ҳавосини баҳоли қудрат янгилай олган, миллат дардини куйлаган, аммо зинҳор шунчаки дардкаш бўлиб йиғламаган, ўқувчини ўзига яқин олиб ойдин кунларга интилишни, қандай курашни ҳам ўргатиб кетган чин шоир, чин инсон эди. Унинг ижоди ёшларимизга Ватанни севишни, Миллатни қадрлашни ўргатади. Ҳурлик, Эрк ҳақида ўқимоқчи бўлсангиз, руҳингизни чархламоқчи бўлсангиз, Ҳалима Худойбердиевани ўқинг...
Шоиранинг имтиҳонларга тўла ҳаёт йўли ҳам ўзига хос эди. “Синовлар банданинг тоқатидан ортиқ бўлмас” деган илоҳий ҳукмга кўра севимли шоирамизнинг мақомлари қанчалар баланд бўлганини ўзимча тасаввур қилиб кўраман баъзи-баъзида.
Шундай бўлса-да, беназир шоира умрининг сўнгги йиллари ёзган бир шеърида:
Қўрқаман, оҳ, руҳсиз тандай бораман,
Тикман-у, гоҳ эгик шаъндай бораман.
Амалларин адо қилолмадим-ку,
Худонинг олдига қандай бораман?! – дея ўзини маломат қилади.
Оллоҳнинг ҳузурига боришга ҳаё қилган беназир шоирамизнинг руҳи шод ўлсун. Бугун унинг ортидан эргашган, унга ҳавас қилиб шу қутлуғ йўлга тадорик кўраётган ёш ижодкорлар, Ҳалималар қанча.
Шу ўринда икки оғиз сўз – ижод, ижодкор ва қалам аҳлига эътибор ҳақида. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз етакчисига айланган илк кунлардан бошлаб китоб, китобхонлик, ижодкорлар – шоир-ёзувчиларга алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари, таъбир жоиз бўлса, Ҳалима Худойбердиева орзу қилган дўст тимсолида намоён бўлди. Исҳоқхон ибрат домладан тортиб Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва яна қанча улуғларнинг руҳлари шод бўлди. Айнан давлатимиз раҳбари қўллови билан мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида элга хизмат қилган асл ижодкорлар номидаги ижод мактаблари фаолият кўрсата бошлади. Ҳали ўқувчилигида Шароф Рашидовдек зотнинг эътиборини тортган қизалоқ – Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак қадрланди ва айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йили шоира туғилган қутлуғ замин Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби фаолият бошлади ва ушбу макон қалби қайноқ ёшлар учун ижод ўчоғи бўлиб хизмат қилмоқда.
Демак, миллватпарвар шоирамиз ўлмаган – барҳаёт. Унинг орзу, истаклари Янги Ўзбекистонимизнинг ёш истеъдодлари тимсолида яшаб келаяпти.
Абдусаид Кўчимов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси,
Алишер Нарзуллоев,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.