Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига номзод ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Сенат Раиси Т.Норбоева қонун устуворлигини таъминлаш ҳар бир мамлакат тараққиётининг асосий шартларидан ҳисобланишини қайд этди. Таъкидлаш керакки, бунда прокуратуранинг ўрни ва роли жуда муҳим.
Айтиб ўтиш керак, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 95- ҳамда 109-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига номзод Президент томонидан тақдим этилади ва Сенат ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.
Шунга асосан ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига янги муддатга тақдим этилган Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг номзоди кўриб чиқилди.
Н.Йўлдошев прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Номзод ҳақида фикр билдирган сенаторлар Ниғматилла Тўлқинович ташаббускор ва ташкилотчилик қобилиятларига эга, тажрибали раҳбар эканини эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, Н.Йўлдошев кўп йиллар прокуратура ва адлия идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган. 2015-2019 йилларда Сенат Раиси сифатида мамлакатимиз ривожига улан ҳисса қўшган.
Юксак давлат мукофоти – I даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.
Охирги беш йил давомида Бош прокурор сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган. Бу даврда прокуратура органларида мамлакатимизда қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш каби қатор муҳим йўналишлардаги ишлар мутлақо янгича ёндашувлар асосида йўлга қўйилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига янги муддатга тақдим этилган Ниғматилла Йўлдошевнинг номзоди маъқулланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА