Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органлари томонидан ҳисобот йилида ижтимоий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

– Хусусан, 489 нафар фуқарога 3,8 миллиард сўмлик кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилди, – деди Н.Йўлдошев. – 11,2 миллиард сўмлик иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилингани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Иқтисодий соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш, “яширин” иқтисодиёт шаклланишининг турли усул ва каналларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 29 минг 451 нафарига қонун устуворлиги, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилди.

Прокурорларнинг суд процессларидаги иштироки, коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чоралар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, тергов ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу масала юзасидан фикр билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева бундан бир неча йил муқаддам таълим тизимида, давлат харидлари соҳасида коррупция даражаси юқори бўлганини қайд этди. Бунга барҳам бериш учун Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши доирасида Бош прокуратура билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилгани натижасида айнан шу йўналишларда коррупция ҳолатлари кескин камайди. Бу борадаги ишларни янада кучайтириш ва чуқурлаштириш зарур.
Сенаторларнинг коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берилганда қандай чоралар кўрилиши, хабар берган шахслар ҳимояси қандай таъминланишига оид саволларига жавобан Бош прокурор бундай ҳолатларда зудлик билан зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Хабар тасдиғини топганда, айбдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилмоқда. Муҳими, бундай хабарларни прокуратура органларига юбориш учун зарур имкониятлар яратилган. Ишонч телефони, коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган ботлар ишга туширилган. Хабар берувчилар шахси сир тутилади, ҳимояси таъминланади.

Сенаторлар томонидан прокуратура органлари фаолиятининг айрим йўналишларида назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Хусусан, аҳоли соғлиғини сақлаш, репродуктив саломатлигини асраш, қолаверса, юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирлари етарли самара бермагани, оналар ўлими сони Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида ошгани танқид қилинди.
Жиноятчиликка қарши курашиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, тезкор-қидирув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини юритишда ҳам камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, содир этилган 67 мингдан ортиқ жиноятнинг қарийб
62 фоизини олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил қилган.
Бундай жиноятларнинг умумий жиноятчилик кўрсаткичидаги улуши Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 65 фоизга, Наманганда эса қарийб 70 фоизга етган.
Сенаторлар прокуратура органлари томонидан соғлиқни сақлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида назоратни янада кучайтириш бўйича тавсиялар берди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА