Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет сайтларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Юлдашовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет сайтларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Юлдашовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Иш ҳужжатларига кўра, 2020 йил 10 августда фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва “COVID-19” ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 2020 йил 1 августда Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганини ва 2020 йил 2 августда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 11 августда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ушбу беморни оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилишига йўл қўйган.
Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор “COVID-19” касаллигидан тўлиқ тузалгани ҳақида сохта маълумот киритилган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 100 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағи растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Юлдашова бир неча маротаба терговга чақирилганига қарамасдан, узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.
Шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари томонидан жорий йилнинг 28, 29-август ҳамда 03, 04, 08 сентябрь кунлари ўрганиш учун шифохонага киришмоқчи бўлганида, юқумли касалликлар шифохонаси ишчилари Г.Юлдашованинг телефонда берган топшириғига асосан мутахассисларни шифохона ҳудудига киритмасдан, ўрганишга тўсқинлик қилишган. Бу ҳақда далолатномалар расмийлаштирилган.
2020 йил 8 сентябрда шифохона бош шифокори Г.Юлдашова мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Айбланувчи Г.Юлдашова тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган
жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 2020 йил 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этиш керакки, жиноят иши бўйича Г.Юлдашованинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиб, у ҳимоячи билан таъминланган. Унга нисбатан олиб борилаётган барча тергов ҳаракатлари бевосита ҳимоячиси иштирокида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 9 сентябрда Чирчиқ шаҳар халқ таълими бўлимига Г.Юлдашованинг қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.
Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, айбланувчи Г.Юлдошева аёл эканлиги, шунингдек олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси экани инобатга олиниб, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилди ва суд томонидан прокурор илтимосномаси каноатлантирилди.
Бироқ, эҳтиёт чораси ўзгартирилгани Г.Юлдошевадан барча айбловлар олиб ташланди, дегани эмас.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси бўйича тегишли айблов хулосаси билан жиноят иши суд муҳокамасига юборилади ҳамда мазкур жиноят иши юзасидан якуний тўхтам суд томонидан белгиланади. Жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили тўлиқ таъминланади.