Бош қомусимиз қабул қилинган кун Исроилда ҳам тантана қилинди
Исроилда ижодий сафарда юрган Фарғона вилояти ҳокимлиги қошидаги ашула ва рақс ансамбли жамоаси Ор Иуд шаҳридаги катта санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган дастурини намойиш этди.
Исроилда ижодий сафарда юрган Фарғона вилояти ҳокимлиги қошидаги ашула ва рақс ансамбли жамоаси Ор Иуд шаҳридаги катта санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган дастурини намойиш этди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси вазифасини бажарувчи Мақсуджон Убайдуллаев Конституциямизнинг демократик тамойиллари ҳақида маълумот берди ва йиғилганлар орасидаги Ўзбекистон фуқароларини бу улуғ байрам билан табриклади.
Шунингдек, тадбирда Фарғона вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси, ҳокимлик Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги анжуманлар саройида Конституциямиз қабул қилинган кун тантаналарида сўзлаган нутқида илгари сурилган фикрларни таҳлил қилиб ватандошларимиз ва меҳмонларга етказди.
Ўзбекистон-Исроил, Фарғона вилояти-Исроил ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаолларга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг миннатдорчилик хатини топширди.
Шундан сўнг Ор Иуд шаҳри Мэри ўринбосари Жанна Коэн Ўзбекистоннинг очиқ сиёсат йўлидаги ислоҳотларини Исроилда диққат билан кузатаётганликлари ва уларни қўллаб-қувватлашларини билдириб, Ўзбекистон фуқароларини Конституция қабул қилинган кун байрами билан табриклади.
– Биз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур анжумандаги нутқини қизиқиш билан тингладик. Зеро, дунёга тинчлик, ҳамкорлик ва бахтли ҳаёт керак, – деди Жанна Коэн. – Ўзбекистон эса ташқи ва ички сиёсати билан бу йўлда қатъий эканини намоён этмоқда.
Санъат саройи ўзбек куйларига йўғрилди. Ўзбекистон Халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, мумтоз қўшиқлар устаси, ансамблнинг бадиий раҳбари Шерали Раҳмонов куйлаган қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Шуни айтиш керакки, байрам тадбирига Исроилда яшаётган асли Ўзбекистонда туғилиб ўсган улкан санъаткорлар ҳам келди.
– Мен ўзбек мақомига Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор бераётганидан ғоят таъсирландим, – дейди довудий овоз соҳиби Абрам Толмасов. – Фарғоналик ёш санъаткорлар, айниқса Муҳаммаддоро Ширмоновнинг дардли ноласи, баланд пардалардаги қочиримлари мени мафтун этди. Ўзбекистон мақом ва азалий санъатни ривожлантира олаётган камдан-кам давлатларнинг биридир. Бугун мен учун ёшлигимга, Ўзбекистонга қайтиш куни бўлди.

– Мен машҳур балетмейстер Исахор Оқиловнинг қизи Гавҳар Оқиловаман, – дейди раққоса опамиз. – Биз опа-сингиллар ва ўзимиз тузган рақс ансамбли билан дунё кездик ва ҳар ерда ўзбек санъатини намойиш қилдик. Конституция куни муносабати билан бу ерга санъаткорларни юборган давлатимиз раҳбарларига, Фарғона вилояти ҳокимлигига миннатдорлик билдирамиз.
Тантанали кечага Исроилда вақтинча яшаб келаётган ўзбекистонликлар ҳам иштирок этди.
– Тўрт йилдан буён Натапия шаҳридаги “Танбур” компаниясида экспорт бўйича директор бўлиб ишлайман. Лекин бугунгидек байрамда илк бор қатнашишим. Тошкентда Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан бўлган тантаналарни интернет орқали кузатдим, – дейди Дилшод Эшонқулов. – Президентимиз яна бир бор тадбиркорликни ривожлантириш, унинг ҳақ-ҳуқуқлари Конституциямиз моддалари билан кафолатланишини эслатди. Мен бундан руҳланиб, энди Ватанга қайтиб, у ерда ўз бизнесимни очиш, бу ерда топган даромадимдан инвестиция киритишга қарор қилдим.
Дилшоджон ва унинг оила-аъзолари учун бу йилги байрам ўзгача, ҳатто тарихий воқеа эди. Ўзи бу кунни Исроилда нишонлаган бўлса-да, фарзанди Президент мактабининг 6-синф ўқувчиси, Халқаро олимпиадаларда 17 бор математика фанидан ғолиб ва совриндор бўлган Ҳасанов Жавлон Дилшодбек ўғли Тошкентда, анжуманлар саройида сўзга чиқиб, Президентимизга, ўзбек халқига юрт байроғини ҳамиша баланд кўтаришга ваъда берди.
– Мен Ўзбекистоннинг бахтли фуқаросиман, – дейди Дилшоджон Эшонқулов. – Юртим бугунгидек байрамда ҳатто биз хорижда ишлаётган фуқароларига ҳам қувончли онларни совға қилди.
Ор Иуд шаҳри, Исроил.
Фарғона вилоят ҳокимлиги
Ахборот хизмати