Бош муҳаррирлар ўқувчилари ҳузурига борди
Гулистон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимизда таълим йўналишига ихтисослашган нашрлар –“Маърифат”, “Тонг юлдузи” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналлари бош муҳаррирлари иштирок этди.

Педагогика ва болалар китобхонлиги масалалари кенг муҳокама қилинди, фикрлар алмашилди.

Учрашувни олиб борган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов босма нашрларнинг болалар тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
– Ўсиб келаётган авлодни телефон ва ижтимоий тармоқ қуллигидан ҳимоя қилишда, босма нашрларга обунани кучайтириш зарур, – деди у. – Мамлакатимизда ҳар бир педагогика йўналишидаги нашрнинг нусхаси ҳозирча 3,5 мингдан 6 минг нусхагача бўлиб, юртимизда 10 мингдан ортиқ мактаб борлигини ҳисобга олганда, бу кўрсаткич пастлигини кўрсатади.

– Босма нашрлар саводли тайёрланиши, маънавий ва маърифий жиҳатдан ижтимоий тармоқлар ва турли сайтлардан анча устун. Ақалли, мактаб кутубхонасига бир нусха обуна ташкил қилинса, мактаб молиявий жиҳатдан қийналиб қолмайди,– деди “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов.
“Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова эса ҳамкасбини давом эттириб, шундай деди:
– Бола газета ва журнал ўқимаса, айб катталарда. Босма нашрларга обуна бўлиб, фарзандларимизни мутолага чорлашимиз лозим.

“Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова болалар нашрларининг китобхонликка чорлайдиган аҳамиятини таъкидлаб, барча педагоглар ва ота-оналарни ушбу ишда ҳамкорлик қилишга чақирди. “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова эса сирдарёлик ўқувчиларни ўз нашрлари саҳифаларида фаол қатнашишга даъват этди.
Учрашув сўнггида нашрлар бош муҳаррирлари танловларда ғолиб чиққан ўқувчилар ва мактаб кутубхоналарига эсдалик совғаларини топширди.
Бош муҳаррирлар билан бу ижодий учрашув нафақат таълим йўналишдаги нашрларнинг аҳамиятини яна бир бор ўқувчиларга тушунтирди, балки ёшларнинг мутолага қизиқишини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси бундай учрашувларни бутун мамлакат бўйлаб ўтказса, айни муддао бўларди.
Ғулом Примов, ЎзА