Бўлғуси мутахассислар дарё порти билан танишди
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида транспорт муҳандислиги ва логистика мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабалар Термиз дарё портида бўлиб, назарий билимларини амалиёт билан боғлади.
Мамлакатимизда ягона Термиз дарё порти минтақамиздаги йирик юк ташувчи стратегик аҳамиятга эга портлардан бири саналади. У халқаро ва маҳаллий юкларни Амударёнинг қўшни давлатдаги қирғоғига тез, арзон ва ишончли етказишга хизмат қилади.
Талабаларга порт тижорат бўлими бошлиғи Ҳ.Авезов ва бошқа мутахассислар мамлакатимиз жанубидаги дарё портининг ташкил топиш тарихи, асосий вазифалари, моддий-техник жиҳозлари, юк ташиш ҳажми ҳақида атрофлича маълумот берди.

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида 9 минг 200 дан ортиқ йигит-қиз 56 та бакалавриат ва 25 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим олиб, ўзлари қизиққан касб сирларини чуқур ўрганмоқда. Олий таълим муассасасида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириб, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бўлғуси мутахассислар портда баржалар, катер ва юк кемалари билан танишди. Товарларни юклаш, юк кемаларига хизмат кўрсатиш жараёнларини кузатди. Юртимиздаги ягона дарё портининг логистика тизимидаги ўрни ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди. Касбий кўникмалари мустаҳкамланиб, логистика соҳасига қизиқиши янада ошди. Ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири