Болгариянинг Бургас шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир старт олди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар курашнинг гуманизм ғояларига йўғрилганлиги, унинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтишди. Шу билан бирга, ўзбек кураши Олимпия ўйинларига кириш учун яхши имкониятларга эга эканлиги эътироф этилди.

Мусобақа Болгариянинг Бургас вилоятидаги Руин шаҳарчасида ўтказилишига асосий сабаб бу ерда азалдан кураш спорт турларига қизиқиш кучли бўлганлиги инобатга олинган. Жумладан, Болгариянинг биринчи Олимпия чемпиони Никола Станчев ҳам шу заминдан етишиб чиққан.

Яна бир эътиборли жиҳат, мазкур ҳудудда ҳар якшанба куни кураш ва бошқа яккакуарш спорт турлари бўйича сайллар ўтказиб келинади.

Кураш бўйича халқаро турнирда 20 га яқин давлатдан 100 нафарга яқин сараланган спортчи иштирок этмоқда. Эркаклар 73, 90 ҳамда +90 килограмм вазнда, аёллар 63 ҳамда +63 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун баҳсларга киришди.
Маълумот учун айтиш жоиз, мусобақада Ўзбекистон шарафини эркаклар ўртасида +90 килограмм вазнда номдор полвонимиз, қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ҳамда қизлар ўртасида кўп карра мамлакат чемпиони Маликахон Қаҳҳорова ҳимоя қилмоқда, дея хабар тарқатди Ўзбекистон кураш федерацияси матбуот хизмати.
ЎзА