Расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Болгария Республикаси Президенти Румен Радев Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон эътиборига мажмуа ҳудудидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар – кенг турдаги юқори технологик электротехника жиҳозлари, шу жумладан, лифт ва эскалаторлар, саноат совитиш тизимлари, энергиятежамкор иситиш сув қозонлари ҳамда индивидуал иссиқлик насослари, ақлли электрон ҳисоблагич, газ тақсимлаш пунктлари, сув насослари, замонавий қурилиш материаллари намойиш этилди.

Болгария Президенти Ўзбекистоннинг саноат ва инновацион салоҳиятини юқори баҳолади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу замонавий инновацион мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида барпо этилган.

Бу ерда 465 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар эвазига 18 та ишлаб чиқариш майдони жойлашган. Етакчи хорижий брендлар остида ҳамда улар назоратида ишлаб чиқарилаётган товарлар ички ва ташқи бозорларда катта талабга эга. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг йигирма бешдан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни кенгайтириш ва илғор технологияларни жорий этиш тажрибаси билан ўзаро алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари