Болажонларга унутилмас лаҳзалар тақдим этилди
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сирдарё вилоятида “Болаларга беринг дунёни” шиори остида кенг кўламли байрам тадбирлари ташкил этилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар болажонларга унутилмас қувонч ва завқ бағишлади.
Шу куни истироҳат боғлари, маданият саройлари, марказий майдонлар ва болалар дам олиш масканлари ҳақиқий байрамгоҳларга айланди. Театрлаштирилган саҳна кўринишлари, концерт дастурлари, спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар ҳамда турли кўнгилочар ўйинлар болаларнинг қизиқиши ва ёшига мос тарзда ташкил этилди. Аттракционлар, расм чизиш ва ижодий танловлар, қўғирчоқ театрлари ҳамда мусиқий чиқишлар байрамга янада файз бағишлади.
Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун ташкил этилган тадбирлар алоҳида аҳамият касб этди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган байрам тадбирида 152 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола, 110 нафар давлат таъминотидаги оилалар фарзандлари ҳамда таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган болалар иштирок этишди.
Болажонлар учун Гулистон истироҳат боғида сайл ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилди. Турли аттракционлар, қизиқарли ўйинлар ҳамда “Музқаймоқ пати” болаларга байрамона кайфият улашди. Кейинчалик улар Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Музлаган соат” номли замонавий мусиқали эртакни томоша қилиб, эртаклар оламига саёҳат қилишди.
– Бугун болаларимиз учун унутилмас байрам бўлди. Улар турли ўйинларда иштирок этишди, қизиқарли саҳна кўринишларини томоша қилишди. Энг муҳими, уларнинг чеҳрасида қувонч, кўзларида эса ишончни кўрдик. Бу эса ҳар қандай ота-она учун катта бахт, – дейди гулистонлик Мавлуда Баратова.
Тадбирнинг давоми сифатида “Фаровон” тантаналар уйида байрам дастурхони ёзилди. Шу ерда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари психологлари томонидан интерактив ўйинлар, жамоавий машғулотлар ва психологик машқлар ташкил этилди. Бу нафақат болалар кайфиятини кўтарди, балки уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, мулоқот кўникмаларини мустаҳкамлаш ва жамоада ишлаш қобилиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.
– Дунёда бола табассумичалик самимий бойлик йўқ. Уни асраш ва кўпайтириш барчамизнинг муқаддас вазифамиздир, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўлимининг бош мутахассиси Ҳусанхон Жабборов. – Гулистонда ташкил этилган байрам тадбирлари болажонларга унутилмас таассуротлар бағишлади. Уларнинг қувончга тўлган нигоҳлари ва беғубор кулгиси барча саъй-ҳаракатларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилган тадбирлар давомида болалар ҳуқуқлари, уларнинг таълим олиши, соғлом ўсиб-улғайиши ва иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди.
[gallery-29725]
Бугун мамлакатимизда бола манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Сўнгги йилларда таълим тизимини модернизация қилиш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болалар спортини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилоятида нишонланган Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тадбирлари ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Чунки ҳар бир боланинг қувончи, бахтли болалиги ва эртанги кунга бўлган ишончи мамлакат келажагининг мустаҳкам пойдеворидир.
Дарҳақиқат, болалар кулгуси янграган юртда келажакка ишонч ҳам мустаҳкам бўлади. Сирдарёда ўтказилган байрам тадбирлари ҳар бир бола давлат ва жамият эътиборида эканини яна бир бор намоён қилди.
Байрам тадбирлари изчил давом этмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА