Бўлажак IT мутахассислари билан учрашув ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида “Синергия” халқаро таълим марказида таҳсил олаётган бўлажак IT мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбир вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокида “Ёшлар куни” доирасида ташкил этилди. Унда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, таълим соҳаси вакиллари ҳамда ёшлар қатнашди.
Учрашув давомида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлари, амалий лойиҳалари ва ташаббуслари тақдим этилди. Хусусан, техникум талабалари томонидан ишлаб чиқилган веб-платформалар, ахборот хавфсизлиги тизимлари, нейрон тармоқларга асосланган дастурлар ва бошқа инновацион ишланмалар намойиш этилди.
Маълумки, “Синергия рақамли касблар техникуми” Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, замонавий IT йўналишлари бўйича амалиётга йўналтирилган таълим тизими йўлга қўйилган. Айни пайтда бу ерда 100 дан ортиқ ўғил-қиз дастурлаш, сунъий интеллект ва ахборот хавфсизлиги каби соҳаларда таҳсил олмоқда.
Қисқа вақт ичида техникум ўқувчилари республика миқёсидаги танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, ёшлар жамоаси Hackathon танловида фахрли 3-ўринни қўлга киритган. Шунингдек, халқаро курсларда таҳсил олган 850 нафардан зиёд ўғил-қизга IT сертификатлари тақдим этилди. “Синергия” дастурчилари томонидан 700 минг АҚШ доллари миқдорида IT хизматлари амалга оширилгани қайд этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, рақамли технологиялар бугунги кунда барча соҳалар тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш устувор вазифалардан бири саналади.
[gallery-29159]
Учрашув давомида бир қатор фаол талабалар вилоят ҳокимига ўз лойиҳаларини тақдим этди. Уларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА