Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш – устувор вазифа
Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонликнинг барча кўринишларидан асраш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди. Унда "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонуннинг аҳамияти тушунтирилди.
Унда сўзга чиққанлар ҳар бир боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги ҳамда эркин камол топиши давлат ва жамиятнинг устувор вазифаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида мазкур қонуннинг мақсад ва вазифалари, болаларни зўравонликнинг жисмоний, руҳий, жинсий ва бошқа шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, болалар ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва жамоатчиликнинг масъулияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

– Болаларга нисбатан зўравонлик фақат жисмоний жароҳат етказиш билан чекланмайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Баҳодир Алиқулов. – У руҳий тазйиқ, ҳақоратлаш, қўрқитиш, эътиборсиз қолдириш, жинсий тажовуз, эксплуатация ва интернет муҳитидаги зарарли таъсирлар шаклида ҳам намоён бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар боланинг руҳий ва жисмоний ривожланишига, таълим олишига, ўзгаларга ишончи ҳамда келажакда жамиятда ўз ўрнини топишига салбий таъсир кўрсатади. Кейинги йилларда мамлакатимизда болаларни, айниқса, зўравонликдан жабрланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун ҳам ана шундай муҳим чора-тадбирлардан биридир.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири