Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2025-2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
2025-2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2025-2026 йилларда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
Жаҳон банкининг “Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўйин майдончалари ва тайёрлов гуруҳларини стол-стуллар билан жиҳозлаш бўйича кўрсаткичлар тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ:
аҳолининг яшаш даражаси ва тўлов қобилияти юқори бўлган (камбағал оилалар кам бўлган) маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
олис ва чекка (туман ва шаҳарлар марказида жойлашмаган) маҳаллаларда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
аҳолининг тўлов қобилияти паст (камбағал оилалар нисбатан кўп бўлган) ҳамда демографик ўсиш даражаси юқори бўлган маҳаллаларда давлат, шунингдек, халқаро молия институтлари кредит ва грантлари ҳисобидан давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
ижтимоий соҳа муассасаларининг бўш биноларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади.
Маълумот учун.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарорига мувофиқ 2025 йил якунига қадар республикадаги камбағал оилаларнинг 3-7 ёшли болаларини мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш белгиланган эди.
ЎзА