Ювенал адлия тизимини ривожлантириш, ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатларни қамраб олувчи комплекс ёндашувни қўллаш ҳамда идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш мақсадида Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан тажрибали мутахассислардан иборат идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ушбу гуруҳнинг асосий вазифаси – болаларга нисбатан одил судлов соҳасида миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.
Ишчи гуруҳнинг дастлабки йиғилишида одил судлов соҳасида миллий қонунчиликни таҳлил этиш, халқаро стандарт ва тажрибаларни ўрганиш, мақбулини имплементация қилиш, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни белгилаш ва уни амалга ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Йиғилиш давомида ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси болалар ҳимояси бўйича мутахассисининг мавзуга доир тақдимоти ўтказилди ҳамда ишчи гуруҳ аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳнинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Н.Абдураимова, ЎзА