1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Болаларга беринг дунёни” шиори остида кўтаринки руҳда байрам тадбирлари ўтказилди. Истироҳат боғлари, турли аттракционлар, маданий-маърифий ва театрлаштирилган томошалар болажонларга беқиёс хурсандчилик улашди.
Байрам муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги оилавий болалар уйларида тарбияланаётган, васийлик ва ҳомийликка олинган, шунингдек, патронат асосида тарбияланаётган 250 нафардан зиёд бола учун махсус байрам тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирлар Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида болалар учун уюштирилган сайр билан бошланди. Боғдаги барча аттракционлар болалар учун бепул фаолият кўрсатди. Болажонларга ширин музқаймоқлар улашилди. Байрам дастури вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилган эртак-спектакль билан давом этди.

Шунингдек, "Фаровон" тантаналар уйида болалар учун байрам дастурхони ёзилди. Бу ерда “Инсон” маркази психологлари болалар билан турли интерактив ўйинлар, руҳий-маънавий суҳбатлар ташкил этиб, уларга қувончли лаҳзаларни инъом этдилар.

– Бундай тадбирлар фарзандларимизнинг қалбида илиқ туйғулар уйғотади. Улар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қила бошлайди, – дейди Гулистон шаҳрида патронат асосида бола тарбиялаётган Дилором Ҳасанова.


"Болажонлар, хонадоним қувончи" номли оилавий болалар уйи раҳбари Дилноза Мамараимова эса шундай деди:
– Биз тарбиялаётган болалар учун бу каби тадбирлар ниҳоятда муҳим. Улар ўзларини қадрланган, ардоқланган, жамият учун азиз инсонлар сифатида ҳис қилишди. Шу билан бирга, бундай байрамлар болаларнинг ижтимоий муҳитга мослашиши, дўстлар орттириши, фаол ва бахтли инсон бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутади.


Кун давомида болалар учун турли викторина ўйинлари, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган чиқишлар, концерт дастурлари ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Байрам болажонлар билан бирга уларнинг яқинларига ҳам беқиёс шодлик улашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири