Болалар хавфсизлиги — устувор вазифа
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда илғор халқаро тажриба моделларини (шу жумладан, “Барнахус” модели) жорий қилишга бағишланган идоралараро учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд тизими ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Барнахус”— болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини тергов қилиш ва жабрланган болаларга ёрдам кўрсатишнинг интеграциялашган модели бўлиб, у бола манфаатларини биринчи ўринга қўяди.

Ушбу ёндашув доирасида барча зарур хизматлар — психологик ёрдам, тиббий кўрик, ҳуқуқий ҳимоя ва тергов жараёнлари бир жойда, болага мос муҳитда ташкил этилади.
Мазкур модель илк бор Исландияда жорий этилган бўлиб, бугунги кунда Европа ва бошқа кўплаб давлатларда самарали қўлланилмоқда.

Учрашув давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга оид долзарб масалалар кўриб чиқилиб, амалий тажрибалар алмашилди ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА