Болалар шифоханаси янги қиёфада бўй кўрсатди
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида иккинчи болалар шифохонаси мукаммал таъмирланиб, ишга туширилди.
Барча замонавий қулайлик яратилган тиббиёт муассасасида бир йўла юз ўринли янги даволаш биноси ҳам бунёд этилиб, йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Шифохонанинг замонавий тиббий жиҳоз ва анжомлар билан таъминлангани болажонларга тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаб, даволаш самарадорлигини янада оширди.

Тиббиёт муассасасини таъмирлаб, янги бино қуриш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 25 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Вилоятдаги тиббиёт муассасалари замонавий қиёфада қайта бўй кўрсатиб, хизматлар сифати оширилаётгани аҳоли саломатлигини сақлашда ўз самараларини бермоқда. Жумладан, юқори технологияли жарроҳлик яъни, буйрак трансплантацияси, юракда очиқ усулда операциялар, ўпкани тиклаш, жигар кўчириб ўтказиш каби мураккаб амалиётларни воҳадаги тиббиёт муассасаларида ўтказиш йўлга қўйилди. Яратилаётган замонавий шароитлар соғлом контингентни 43 фоиздан қарийб 50 фоизга оширди. Туманлар даражасида даволанишлар 92 фоизга етди. Беморларнинг вилоят ва пойтахтимиздаги шифохоналарга мурожаатлари 8 фоизга камайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири