Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) томонидан жорий йил 6 ойида қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга Болалар омбудсмани ахборот хизмати раҳбари Рушана Алиакбарова жавоб берди:
– Болалар омбудсманига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан 471 мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг 227 таси ёки 48,2 фоизи Болалар омбудсмани котибияти қабулида, шундан Болалар омбудсмани шахсий қабулида 87 мурожаат қабул қилинган. Қолганлари Президентнинг Виртуал қабулхонаси, почта ва телефони орқали қабул қилинган.
Шахсан болалардан келиб тушган мурожаатлар 26 та бўлиб, бунда вояга етмаган қиз болаларнинг улуши 17 тани ташкил этган. 25 мурожаат жамоавий юборилган.
465 мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан, 3 таси чет эл фуқароси томонидан, 3 таси Россия Федерациясининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан йўлланган.
Ўз навбатида, келиб тушган мурожаатларнинг 422 таси Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди. 15 таси тегишлилиги бўйича юборилди.
Назоратга олинган мурожаатларнинг 101 таси ижобий ҳал этилди. 198 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 123 таси кўриб чиқиш жараёнида.
Мурожаатлар мазмунига келадиган бўлсак, уларнинг асосий қисми болани зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид бўлди.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳар (170), Тошкент вилояти (76) ва Қашқадарё вилоятидан (55) келиб тушган бўлса, энг кам мурожаат Қорақалпоғистон Республикаси (6), Наманган (9) ва Андижон (10) вилоятларига тўғри келди.
Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларининг бузилишига оид мурожаатлар юзасидан давлат органларига 402 сўров киритилди.
Болалар омбудсмани сўрови ва кузатуви доирасида мутасадди идоралар томонидан болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 8 маъмурий ҳамда 13 жиноят иши қўзғатилди. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 6 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар юзасидан Болалар омбудсмани ва тегишли органлар билан ҳамкорликда 54 ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилиб, ҳуқуқий чоралар кўрилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА