Болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорларининг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинари ўтказилди
Ўзбек миллий мусиқа санъати ўзининг жозибаси билан жаҳон мусиқашунослигида алоҳида ажралиб туради. Шунинг учун ҳам уни келажак авлод онгига сингдириш, санъатимизни янада юксалтириш борасида бир қанча залворли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунда эса болалар мусиқа мактаблари муҳим аҳамият касб этади. Унда фаолият олиб бораётган раҳбарларнинг ёндашуви эса келгусидаги натижаларни белгилайди.
Шу мақсадда, Маданият вазирлигида болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорларининг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинар ўтказилди.
Унда 40 нафардан ортиқ болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган навбатдаги ўқув машғулоти ташкил этилди.
Мазкур ўқув-семинар раҳбар ходимларнинг бошқарув компетенцияларини ривожлантириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини чуқур ўзлаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий бошқарув механизмларини амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.

Семинар давомида вазирликнинг масъул мутахассислари томонидан иштирокчиларга давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини самарали ташкил этишнинг долзарб масалалари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган янги талаб ва нормалар, ҳужжатлар ижросини назорат қилиш тартиблари ҳамда раҳбарларнинг бу борадаги шахсий масъулияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга электрон ҳужжат айланиш тизимларидан самарали фойдаланиш, электрон ҳужжатлар билан ишлаш, топшириқлар ижросини мониторинг қилиш, ҳисоботларни ўз вақтида шакллантириш ҳамда рақамли бошқарув воситаларидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Мутахассислар томонидан тизимларда учрайдиган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тавсиялар ҳам берилди.
Ўқув-семинар доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марказий аппаратининг бошқарма ва бўлимлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Учрашувлар давомида вазирлик тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар, бошқарув жараёнлари ҳамда таркибий бўлинмаларнинг асосий вазифа ва функциялари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Семинар иштирокчилари мутахассислар билан очиқ мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Амалий тажриба алмашинуви, долзарб масалалар муҳокамаси ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштириш семинар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Мазкур ўқув-семинар болалар мусиқа ва санъат мактаблари директорларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг замонавий бошқарув ёндашувлари бўйича малакасини ошириш, ҳудудларда ижро интизомини таъминлаш, электрон бошқарув тизимларидан самарали фойдаланиш ҳамда таълим муассасаларида бошқарув сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА