Болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади
Шу йил 15 апрелда “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади.
Мактабда “Ялла” номидаги болалар ансамбли фаолияти ташкил этилади. Ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари ташкил этилади. Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан ташкил этилган маҳорат мактабининг устоз-ижодкорлари Давлат бюджети ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида рағбатлантириб борилади.
Ёшлар ижодий лабораторияси доирасида 2026/2027 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан иборат гуруҳ шакллантирилиб борилади ҳамда таътил даврида ёзги тўгаракка жалб этилиб, эстрада хонандалиги бўйича махсус бепул курсларда ўқитилади.
2026/2027 ўқув йилигача замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилади ҳамда у саҳна жиҳоз ва либослари билан таъминланади.
Мактаб ва ёзги тўгаракка жалб қилинган ўқувчиларнинг ижод намуналари телевидение ва халқаро онлайн платформаларда намойиш этиб борилади.
ЎзА