
Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 2024 йилда вакил номига Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганини таъкидлади. 2023 йилга нисбатан солиштирганда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг котибияти ходимлари томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларга мониторинг шаклидаги 31 ташриф амалга оширилган. Шу даврда улар 46 фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.
Мазкур масалада Сенат Раиси Танзила Норбоева болаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига нисбатан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этди.

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса, мигрант болалар, ногиронлиги бўлган ёки тарбиясида нуқсони бўлган болалар – ҳамма тоифа билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйиш зарур, – деди Т.Норбоева. – Тегишли ташкилотлар ҳамкорликда ишлаши керак. Маҳаллий кенгашларга бу борада мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Улар ҳам эшитувлар, сўровлар қилиш орқали муаммоли масалаларга ечим топишга ёрдам беради. Эрта никоҳларнинг олдини олиш жуда долзарб. Ахир қиз бола бир кунда турмушга чиқиб кетмайдику. Олдиндан келишувлар бўлади, буни одамлар гапиради. Шуларни эшитиб, наҳотки тўйни тўхтатишнинг имкони йўқ? Бу бутун жамоатчиликнинг иши. Давлат томонидан қизларга, аёлларга берилаётган эътиборга қарамасдан эрта никоҳ, албатта, эрта ажримларга, етим болалар пайдо бўлишига олиб келяпти. Шу боис, ҳозир Оила кодекси ва бошқа қонунчилик нормаларини қайта кўриб чиқяпмиз. Лекин, ҳамма нарсани ҳам қонунлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Одамлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш зарур. Ота-она масъулиятини ошириш керак. Умуман, болалар ҳуқуқлари, манфаатларини таъминлаш механизмлари қайта кўриб чиқилади.
Қайд этилишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ҳамда бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликда мавжуд муаммолар таҳлили натижасида давлат органлари ва ташкилотларга 40 та таҳлилий ахборот киритилган ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 3 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан таъсир чоралари орқали муносабат билдирилган. Бунда, бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан жами 36 огоҳлантириш, тақдимнома, хулоса ва суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимосномалар киритилган.
Маърузада таъкидланганидек, мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 жиноят иши ҳамда 18 маъмурий иш қўзғатилган.
Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилгани ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 7 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган. Болаларга нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Интернет тармоғи мониторинги давомида аниқланган ўғил-қизлар ҳуқуқларининг бузилишига оид 83 ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 15 жиноят иши ҳамда 9 маъмурий иш қўзғатилган.
Бундан ташқари, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда 87 ҳолат юзасидан ҳудудлардаги боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланиб, 11 нафар болага васий ёки ҳомий тайинланиши таъминланган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар ва ҳамкор ташкилотларнинг сўровлари асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган.
Ўз фаолияти юзасидан очиқ ва шаффоф тарзда ахборот бериш мақсадида Болалар омбудсманининг ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари йўлга қўйилган “Bolalarvakili.uz” расмий веб-сайти ишга туширилган.
Муҳокамалар ниҳоясида маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА