Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон болалар ташкилоти, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Ёшлар форуми-2024” доирасида Ўзбекистон болалар ташкилоти “Болалар ҳаракати” Республика сардорлари сайловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Болаларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик, мардлик руҳида тарбиялаш, болаларнинг ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган сардорлар сайлови беш босқичда ташкил этилди.


Бугунги кунга қадар “Болалар ҳаракати” сардорлар сайловининг синф, мактаб, туман (шаҳар) босқичи ўтказилди. “Болалар ҳаракати” сайловларида “Спорт”, “Экология”, “Медиа ва IT”, “Санъат”, “Таълим”, “Саховат” йўналишларида бош сардорлар сайланди.

Хусусан, синф сардорлар сайловларида 171 минг 759 нафар, мактаб сардорлар сайловида 196 минг 160 нафар мактаб сардорлари эътиборга олинди. Шунингдек, 208 та туман (шаҳар)да бўлиб ўтган “Болалар ҳаракати” сардорлар сайловининг туман (шаҳар) босқичида 1 минг 456 нафар сардорлар, 14 та ҳудудда ташкил этилган ҳудудий босқичда 98 нафар сардорлар, республика босқичида эса 14 нафар сардорлар сайланди.

Жумладан, бош сардорлик учун Жасурбек Юсуфжонов сайланган бўлса, “Қизлар академияси” йўналиши сардорлиги Дилсўз Нўмоновага насиб этди. “Ибрат фарзандлари” йўналиши сардори Оминабону Абдураҳимова, “Заковат” йўналиши сардори Муштарий Дониёрова, “Мутолаа” йўналиши сардори Эъзоза Сатторова, “Ustoz AI” йўналиши сардори Муродилла Ҳамроев, “Фитрат Медиа” йўналиши сардори Озодбек Гулямов ҳамда “Яшил макон” йўналиши сардори Рухшона Исроилова бўлди.

Шунингдек, “UzChess” йўналиши сардорлигига Муҳаммадюсуф Исмоилжонов сайланди. “Ватан таянчи” йўналиши сардори Худойназар Шодмонов, “Санъат” йўналиши сардори Динара Жиенбаева, “Иқтидор” йўналиши сардори Мавлуда Анварбекова, “Имкон” йўналиши сардори Мубина Каримова ва “Чўлпон издошлари” йўналиши сардори Алина Максютова бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА