Болалар боғчаси ичимлик суви билан таъминланди
Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар жойларда аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати Гуласал Раҳмонова ўзи сайланган Самарқанд дарвоза ҳамда Занғиота маҳаллалари аҳолиси ва фаоллари билан учрашув ўтказди.
Партия вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этган мулоқот давомида фуқароларни қийнаётган масалалар ва таклифлар тингланди. Аҳоли ўз мурожаатларида ҳудудга оид бир қатор масалаларни кўтарди. Билдирилган масалаларни қонунчилик доирасида ҳал этиш ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ечим топиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.
Шунингдек, Экопартиядан сайланган халқ депутатлари Шеробод тумани Кенгаши депутати Қ.Раҳимов ҳамда Кенгаш котибияти бош мутахассиси Ш.Хўжаназаров томонидан Чағатой маҳалласидаги 26-сон мактабгача таълим ташкилотида ўрганиш ишлари олиб борилган эди.

Ўрганиш давомида муассасада ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо аниқланиб, депутат назоратига олинган. Орадан кўп вақт ўтмасдан депутат ташаббуси билан "Сув етказиб бериш хизмати" ДМ ҳамкорлигида зарур амалий чоралар кўрилиб, муассаса ичимлик суви билан таъминланди.

Партия депутатлари томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларидаги долзарб муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.
М.Комилова,
ЎзА