Мамлакатимизда фарзандликка олиш тизими очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи қоидалар белгиланмаган. Хусусан, фарзандликка олиш учун ҳужжатларни масофадан топшириш, фарзандликка олиш мумкин бўлган болалар тўғрисида маълумотлар олиш имконияти яратилмаган.
Аммо белгилаб қўйилган қонунчилик асосида фарзанд асраб олган оилага тўланадиган нафақалар мавжуд. Асраб олинган фарзанд парвариши учун ҳам оналик таътилига чиқиш ва уларга бундай ҳолларда тўланадиган нафақа тартиби ҳақида Адлия вазирлиги масъул ходими Зафар Раҳмонов ЎзА мухбирига бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 235-моддасига асосан янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган ёки васий қилиб тайинланган шахсларга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан, эллик олти календарь кун, икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш кунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади. Бундан ташқари, бундай шахсларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга тўлгунига қадар қўшимча таътиллар ҳам берилади. Бир маълумотни алоҳида таъкидлаб ўтишни хоҳлардим, фарзанд асраб олган оналарга “декрет” пули тўланмайди. Аммо меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.
"Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида"ги 2667-сонли йўриқноманинг 29-бандида мазкур қоида мустаҳкамланган.
Ходимга меҳнатга лаёқатсизлик пулини ҳисоблаш қуйидагича бўлади:
- Нафақаларни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган иш ҳақининг барча турлари, шу жумладан, мазкур ойда иш ҳақи билан биргаликда тўланадиган ойлик мукофотлар уларнинг ҳақиқатда олинган вақти бўйича эмас, балки улар ҳисоблаб ёзилган вақт бўйича иш ҳақига қўшилади.
- Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори белгиланади.
Мазкур вазиятда янги чақалоқ асраб олаётган ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиб, юқоридаги тартибда таътил берилади.
Бола асраб олинганда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича бериладиган нафақанинг фарқи мавжуд.
Қонунчиликка кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг 30 ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бир йўла 126 календарь кунига берилади.
Маълумот ўрнида қўшимча қилиш лозимки, мамлакатимизда фарзандликка олиш тизими очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи қоидалар белгиланмаган. Хусусан, фарзандликка олиш учун ҳужжатларни масофадан топшириш, фарзандликка олиш мумкин бўлган болалар тўғрисида маълумотлар олиш имконияти яратилмаган.
Қонунчиликда фарзандликка олишнинг соддалаштирилган тартиби мавжуд эмас. Мазкур ҳолат яқин қариндошлар томонидан фарзандликка олиш тартибининг одатдаги тартиби билан бир хил жараёнлардан ўтишига, расмийлаштириш муддатларининг узайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли болаларни фарзандикка олишдан кўра, васийликка олиш ҳолатлари сони ошиб бормоқда.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.