Боксчиларимизнинг шашти баланд
“Олимпия шаҳарчаси”да давом этаётган U15 ва U17 Осиё чемпионатида қитъанинг 21 давлатидан ташриф буюрган 500 нафардан ортиқ ёш боксчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда.
Айни дамда чемпионатнинг U15 ёш тоифасида финал беллашувлари ташкил этилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари куннинг биринчи ярмида 6 та олтин ва 4 та кумуш медални қўлга киритди. Жумладан, қизлар ўртасидаги беллашувларда Одина Юсупова, Сарвиноз Зоирова, Зебинисо Абдуллаева, Баҳора Маҳмуджонова, Заҳро Даниярова ҳамда Малика Улуғбекова финал жангларида ғалаба қозониб, Осиё чемпиони бўлди.

Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Оминахон Носирова, Муқаддас Зокирова, Хонзодабегим Баратова ҳамда Шаҳона Муллажонова кумуш медални қўлга киритди. Бироздан сўнг мусобақада яна 11 нафар боксчимиз Осиё чемпионлиги учун баҳсларга киради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА