Бугун – 12 декабрь куни Ўзбекистон чемпионатининг ярим финал жанглари ўтказилмоқда.
Мусобақанинг 51 килограмм вазнида баҳс олиб бораётган Ҳасанбой Дўсматов ярим финалда фарғоналик Абдумажид Манноповни мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ушбу вазннинг бошқа ярим финалида эса Дўсматовнинг укаси Фарёзбек финал йўлланмасига эга чиқди.
Икки ака-ука Дўсматовлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионлиги учун 51 кило вазнда бўладиган финал жанги юз бермайдиган кўринади.
Бу ҳақда Ҳасанбой Дўсматов ярим финал жангидан кейин журналистларга берган интервьюсида таъкидлади.
— Ўн биринчи ёки ўн иккинчи марта Ўзбекистон чемпионатида қатнашишим. Укам Фарёзбек эса ҳали ёш. Уни қўллаб-қувватлаш, боксдаги кейинги фаолиятига далда ва руҳий қувват бағишлаш учун кумуш медаль билан кифояланмоқчиман, — деди Ҳасанбой.
Эслатиб ўтамиз, бугун ярим финал жанглари поёнига етиб, барча финалчилар номи маълум бўлади. Эртага чемпионат иштирокчилари учун дам олиш куни. Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг финал жанглари 14 декабрь куни бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА