Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Тошкент вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уй-жой муаммоларини ҳал қилиш, соғлиғини асраш бўйича ўрганишларининг навбатдаги манзили Бўка тумани бўлди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири Сайёра Файзиева, туман ҳокими Низомиддин Аббосов ҳамроҳлигида даставвал сариқ ҳудудига кирувчи “Қўлдоштепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган гидропоника усулидаги “Агро инвест ТНА” МЧЖ корхонасининг замонавий иссиқхонаси фаолияти билан танишилди.
– Мазкур иссиқхона энергия тежамкор, чиқиндисиз фаолият юритиши ва жаҳон стандартига мос экологик тоза маҳсулот етиштиришга мўлжалланган, – дейди мазкур иссиқхонанинг агроном ёрдамчиси Акмал Боқижонов. – фойдаланилаётган технология нафақат экологик, балки ҳосилдорлиги юқори экани билан ҳам ажралиб туради. Лойиҳа қиймати 4,5 миллион долларидан ортиқ бўлган иссиқхонада ҳозирда 53 нафар ишчи ишлайди. Шундан 43 нафарини хотин-қиз.
Умумий экин майдони 3 гектар бўлиб, компютерлашган бошқарув тизими мавжуд. Барча ускуналар Голландия ва Германия давлатларидан келтирилган. Етиштирилган маҳсулотлар Россия ва Қозоғистон давлатларига тизимли равишда экспорт қилинмоқда.
Мутахассислар томонидан мазкур иссиқхонанинг иш фаолияти, бу ерда ишчи аёлларга яратилган шароитлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Сенат раиси ишчи хотин-қизлар билан яқиндан суҳбатлашди.
Шундан сўнг “BIRYUZA GROUP” тикувчилик корхонасида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди. Корхонада бир кунда 2 мингдан ортиқ болалар кийимлари тайёрланади. Режа асосида ички ва ташқи бозорга чиқарилади.
– Корхонамизда ҳозир 160 нафар фуқаро иш билан банд,– дейди корхона мутахассиси Саида Аҳмедова. – Хусусан, 150 нафар хотин-қиз учун қулай шароитлар яратилган. Янги ишга олинган қизлар малакали тикувчи аёллардан иш ўрганади. Уларнинг ойлик маошлари ўз вақтида бериб борилади.
Т.Норбоева бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Туман ҳокимлиги ва масъул мутасаддиларга жойларда бу каби ишлаб чиқариш тармоқларини кўпайтириш, ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш борасида тавсиялар берилди. Бунинг учун биринчи галда тижорат банкларидан истиқболли лойиҳалар асосида имтиёзли кредитлар ажратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
“Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам қизил ҳудудга киритилган. Кўп йиллардан буён мазкур ҳудудда ҳам аҳолини қийнаётган турли муаммолар йиғилиб қолган. Бироқ ҳудуд аҳолиси имкон қадар ўз ўзини банд қилиш, томорқадан даромад олишга ҳаракат қилади. Шу каби ҳолатларни эътиборга олган масъуллар даставвал Асқар Муродовнинг хонадонида меҳмон бўлди. Уй бекаси Дилором опа айрим оилавий сабабларни эътиборга олиб “Аёллар дафтари”га киритилган. Бу оила томорқасида помидор, булғори кўчатлари етиштиради. Қорамол ҳам боқади. Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, ушбу оилага тегишли ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, иссиқхона қуриб бериладиган бўлди.
Шундан сўнг ҳудуддаги 17-умумтаълим мактабида маҳалланинг фаол аёллари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан суҳбат қилинди. Унда аҳолини қийнаётган турли таклиф-муаммолар ўрганилди.
Хусусан, маҳалла фаоли Шоира опа Мусурмонованинг таъкидлашича, кўп йиллардан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммо бор. Эътиборлиси, ҳудудда бир нечта артезиан қудуқлари бор бўлиб, кўчаларга ўтказилган сув қувурлари эскириб кетган. Шу туфайли ичимлик суви тармоғи асосий манбадан узилган. Аҳоли эса йил бўйи узоқ масофадан сув ташиб ичади. Худди шундай ички йўллар ҳам анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ёмғир ва қорли кунларда туман марказига қатнаш қийин. Болалар боғчаси ҳам йўқ.
Суҳбат давомида мактаб ўқитувчиси Шаҳло Мусаева мазкур таълим даргоҳига ўқувчилар учун фаоллар зали кераклиги, маҳалла ёшлари онлайн билим олиши, зарур ахборотлардан фойдаланиши учун интернет тезлиги жуда паст эканини айтиб ўтди.
Туман ҳокими бу каби муаммоларни эътиборга олиб, тегишли тартибда чора-тадбирларни кўрадиган бўлди. Аҳоли, айниқса, ёшларга қулай шароит яратилади. Т.Норбоева маҳалладаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тинглади. Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида туман мутасаддилари томонидан қилинаётган ишларга эътибор қаратди.

Хусусан, уч нафар фарзанди бор Дилафрўз Маматова ёш болалари ва оилавий ташвишлар билан бўлиб, ишсиз қолди. Маҳалладаги "Маслаҳат маркази"га мурожаат қилди. Унинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, тумандаги бепул ўқув марказида ўқитилди.
– Тикувчиликдан хабарим бор эди, – дейди Д.Маматова. – Туман Халқ банкидан имтиёз асосида 15 миллион сўм кредит олдим. Насиб қилса учта иш ўрни яратаман. Режаларим катта, келгусида тадбиркорлигимни кенгайтирмоқчиман. Мен каби аёлларни иш билан таъминлайман.
Учрашув якунида маҳалла фаол аёлларига туман Касаба уюшмаси ташаббуси билан Хива шаҳрига саёҳатга бориши учун йўлланма берилиши айтилди.
Шундан сўнг туман ҳокимлигида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан учрашув ўтказилди. Унда депутатлар томонидан “Маҳаллабай” ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда фаол бўлиши айтилди. Аёлларни тўлиқ скринингдан ўтказиш, тиббий аҳволини мунтазам назорат қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Учрашувда айтилишича, туманда 5 та кўп қаватли уй-жой қурилган бўлиб, режа бўйича яна 15 та шундай уй бунёд этилади. Бироқ канализация тизимида муаммолар мавжуд. Шунингдек, туман деҳқон бозорини тартибга солиш, болалар спортини янада ривожлантириш каби масалалар борасида таклифлар билдирилди.
А.Мусаев, ЎзА