Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда.
Марҳамат туманидаги 19-умумтаълим мактабида жойлашган 564- сайлов участкасида Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Бобуржон Омонов конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи муносиб деб топган номзодга овоз берди.
– Юртимизда спортга, айниқса, паралимпия ўйинлари доирасидаги спорт турлари ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди чемпион Бобуржон Омонов. – Ана шу эътибор самараси ўлароқ, шахсан мен ҳам спортда юқори натижаларни қўлга киритдим.
Мен Президент сайловида спортимиз ривожини янада юқори даражага кўтарадиган, мен каби имконияти чекланган инсонларнинг ҳам ўз имкониятларини юзага чиқариши учун шарт-шароитлар яратиб берадиган ўзим муносиб, деб билган номзодга овоз бердим. Инсонга юксак эътибор, кенг имкониятлар юрти бўлган Ўзбекистон ҳали дунё аҳлини лол қолдиришига, ўзбек спортчилари халқаро спорт майдонларида жуда кўп ютуқларни қўлга киритишига ишонаман.
Эслатиб ўтамиз, Бобуржон Омонов 2017 йилда енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги пара Осиё ўйинлари, 2018 йилда Индонезияда ўтказилган пара Осиё ўйинларида, 2019 йилда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган пара жаҳон чемпионати ўйинларида 1-ўринга сазовор бўлган. Қолаверса, чемпионатда ядро улоқтириш бўйича 14,31 метр натижани қайд этиб, жаҳон рекордини ўрнатган.
Бобуржон Омонов Токио паралимпия ўйинларида пара енгил атлетика мусобақасининг ядро улоқтириш баҳсларида 14,06 метр натижани қайд этиб, олимпиада чемпионлигини қўлга киритган ва ядро улуқтириш бўйича паралимпия рекордини янгилаган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА