Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон ва Миср: ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги давра суҳбатида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Бобур Усмонов икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланиш омилларини таҳлил қилиб берди.
Биринчидан, давлат раҳбарлари ўртасидаги шаклланган ишончли дўстлик ришталари мамлакатларимиз ўртасидаги турли соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади,- деди СМТИ вакили.
Унинг таъкидлашича, икки давлат президентларининг 2018 йилдаги учрашуви тарихий аҳамиятга эга. Музокаралар натижасида эришилган келишувлар сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан, туризм каби соҳалардаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга мустаҳкам замин яратди.
Шунингдек, 2022 йил февраль ойида Пекин шаҳрида ўтказилган қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасида икки мамлакат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Иккинчидан, мутахассис хулосасига кўра, томонларнинг савдо-иқтисодий алоқалари ҳам йил сайин ривожланиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси 33,9 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига кўра бу кўрсаткич 37,3 миллион долларга етди.
Бугунги кунда мисрлик ишбилармонлар иштирокида Ўзбекистонда 12 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Лекин, Усмоновнинг айтишича, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг бугунги кўрсаткичлари ва ҳажми ҳар икки томонни ҳам мутлақо қониқтирмайди. “Ҳолбуки, савдо ҳажмини яқин йилларда ўн баробаргача ошириш учун бизда барча имконият ва заҳиралар мавжуд”, - дея таъкидлади у.
Учинчидан, СМТИ директори ўринбосари фикрича, бугунги кунда ташқи бозорларга тез ва қулай тарзда чиқишни таъминловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажмини оширишда муҳим омил саналади.
Жумладан, Ўзбекистон Миср маҳсулотларини Марказий Осиё бозорларига, Миср эса ўзбек товарларини Африка қитъаси бозорларига олиб чиқишда ўзига хос кўприк вазифасини бажариши мумкинлигига урғу берилди.
Бу ўринда Усмонов халқаро сув йўлаги сифатида Мисрнинг Сувайш каналининг аҳамиятини, хусусан, ундаги иқтисодий зона Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишни енгиллаштиришга имкон беришини алоҳида қайд этди.
Тўртинчидан, СМТИ вакилининг таҳлилига кўра, икки давлат халқаро майдонда бир-бирларини дипломатик жиҳатдан фаол кўллаб-қувватлаб келмоқда. Миср ва Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шунингдек СМТИ эксперти сўнгги йилларда маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларга ҳам тўхталиб ўтди. Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Мисрда бўлиб ўтган йирик халқаро даражадаги тадбирларда икки мамлакат вакиллари фаол қатнашиб келмоқдалар. Хусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида Қоҳира стратегик тадқиқотлар маркази вакиллари иштирок этди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, эксперт Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги улкан салоҳиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг фикрича, бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги тарихан яқин алоқалардан фойдаланган ҳолда савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида ўзаро манфаатли стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун кенг имконият мавжуд.
Маълумот учун: Давра суҳбати жорий йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан Мисрнинг “Ҳивар” сиёсий ва ахборот тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда икки мамлакатнинг етакчи таҳлил ва илмий-тадқиқот тузилмаларининг 45 дан ортиқ экспертлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболини атрофлича таҳлил қилиб, ўзаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаб олишди.
Ўзбекистон томонидан учрашувда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, ТИВ ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари қатнашди.
ЎзА