Бобур шаҳрида 200 минг кишига мўлжалланган 800 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бошланди
Аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратишда Бобур шаҳри муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тўрт минг гектар қир-адирда барпо этилаётган шаҳардаги қулай уйларга 25 минг аҳоли кўчиб ўтди. Яна 200 минг кишига мўлжалланган 800 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бошланди.
Бу ерда савдо комплекслари, бизнес марказлари, меҳмонхоналар, хусусий таълим, тиббиёт ва спорт объектларини барпо этиш истагидаги тадбиркорлар қўллаб-қувватланади.
Бундай объектларда инвестициянинг қайтиш муддати узоқлигини инобатга олиб, ернинг бошланғич нархини уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ерларга нисбатан икки баробар арзон белгилашга розилик билдирилди. Ерларни янги шартларда аукционга қўйиш топширилди.
Андижон шаҳридаги Бобур шоҳ кўчасида кўприк ишга туширилди.
Келгуси йил Миллий тикланиш ва Навоий, Ўзбекистон ва Бобур, Амир Темур ва “Янги айланма йўли” кўчалари кесишмаларида яна учта йирик йўл ўтказгич қурилади. Асака туманининг марказини айланиб ўтувчи кўприк ҳам ишга туширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш давом этмоқда.
ЎзА