Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган мулоқотда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, фондлари ва агентликлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл хоним “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан қўллаб-қувватланаётганини алоҳида эътироф этди.
Айни пайтда 150 га яқин қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 дан ортиқ махсус резолюцияси қабул қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг бугунги кундаги фаолияти, келажакдаги режалари хусусида маълумот берилди.
Тақдимотга кўра, “Маҳалла еттилиги”нинг ўтган бир йиллик фаолияти давомида 4 минг 901 та маҳалла жиноятчиликдан, 2 минг 930 та маҳалла оилавий ажримдан, 1 минг 795 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди. Аҳоли мурожаатларининг қарийб 80 фоизи маҳалланинг ўзида ҳал этиладиган тизим йўлга қўйилди.
“Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТ тараққиёт дастури ҳамкорлигида ажратилган грант маблағлари ҳисобидан бир қатор ҳудудларда замонавий талабларга жавоб берадиган маҳалла бинолари қурилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида 40 та маҳалла биноларидан 9 таси фойдаланишга топширилган, қолган 31 таси сентябрь ойига қадар битказилиши режалаштирилган.
Учрашувда барча мавжуд ва келгусидаги лойиҳаларга маҳалла тизимини фаол жалб этиш, маҳаллалар негизида амалга ошириладиган дастурларни кенгайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш, таълим марказларини ташкил этиш ва яшил энергетика лойиҳаларини ривожлантиришга келишиб олинди.
Шу куни БМТ, БМТ Тараққиёт дастури, Unicef, “Юксалиш” ҳаракати, Швейцария ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида янги лойиҳага қўл урилди.
Пилот лойиҳанинг биринчиси – Шаҳрисабз шаҳридаги Зингирон маҳалласида “Ёшлар маркази” иш бошлади. Мазкур лойиҳа ёшлар тараққиётига жамоавий ёндашувнинг яққол намунаси бўлди.
Ёшлар инновацион марказида 14-30 ёшли ўғил-қизларни рақамли технологиялар, тадбиркорлик, хорижий тиллар, психология, жамоавий фаоллик, касбий кўникмаларга ўргатилади. “Ёшлар билан бирга” тамойили асосида замонавий менежмент асослари бўйича таълим берилади.
[gallery-22860]
2028 йилгача марказда 8 минг нафар ёш маҳаллий бошқарув жараёнларида иштирок этиши, 2 минг нафари эса замонавий кўникмаларга эга бўлиши режалаштирилган.
Зингирон маҳалласидаги “Ёшлар маркази” келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ёшлар марказларини ташкил қилиш учун намуна бўлади.
Меҳмонлар “Зингирон” маҳалласи “еттилиги” фаолияти ва бу ерда ташкил этилган ҳунармандлик кўргазмаси билан ҳам танишди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири