БМТ: Ғазодаги низонинг асл қурбонлари – аёллар
2023-2025 йиллар давомида Ғазода 38 мингдан ортиқ аёл-қизлар ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич уруш қурбонларининг ярмидан ортиғини ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар куни ўртача 47 нафар аёллар ҳаётдан кўз юмган.
БМТ ҳисоботида қайд этилишича, қурбонлар сони аслида бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки вайроналар остида қолган жасадларни олиб чиқиш қийинлиги ва соғлиқни сақлаш тизими издан чиққанлиги аниқ ҳисоб юритишга тўсқинлик қилмоқда. Айниқса, тинч аҳоли инфратузилмасига зарбалар кучайган даврларда ўлим ҳолатлари кескин ошган.
Урушнинг оқибатлари фақат қурбонлар билан чекланмайди. Минтақада минглаб аёллар ногиронликка дуч келган, кўплаб оилаларда эса аёллар рўзғор тебратишни ўз елкасига олган. Ҳозирда ўн минглаб хонадонлар аёллар раҳбарлигида яшамоқда ва улар иқтисодий, ижтимоий ҳамда руҳий босим остида қолмоқда.
Шу билан бирга, тиббий хизматлар, хусусан оналик ва репродуктив саломатликка оид хизматлар деярли издан чиққан. Овқат, дори-дармон ва гигиена воситалари танқислиги эса аёллар ҳаётини янада оғирлаштирмоқда. Экспертлар фикрича, аёллар ва қизлар уруш оқибатларини энг кўп ҳис қилаётган қатлам сифатида алоҳида ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож.
Мусулмон Зиё, ЎзА