Юртимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, экспортбоп маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда ташқи бозорларга чиқариш бўйича изчил ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу жараёнлар миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Италиялик ҳамкорлар ва “Ўзсаноатқурилишбанк” молиявий кўмагида “BMB Holding” томонидан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида амалга оширилаётган заъфарон етиштириш ва қайта ишлашга қаратилган йирик инвестицион лойиҳа юқори самаралар бераётгани билан алоҳида эътирофга сазовор.
Мазкур лойиҳа 2022 йил 20 май куни қабул қилинган Президент қарори асосида доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва уларни соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қўллаш мақсадларига мос равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунга келиб, Бахмалдаги заъфарон плантациялари 820 гектарга етказилиши режалаштирилган бўлиб, бу жараённинг 400 гектари “BMB-Opera Za'fferano” Ўзбекистон – Италия қўшма корхонаси томонидан, қолгани эса “BMB Shifo” майдонларида амалга оширилмоқда.
– Сўнгги йилларда анъанага айланган мазкур тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил апрель ойидаги Жиззах вилоятига ташрифи чоғида белгиланган заъфарон плантацияларини 2 минг гектарга етказиш ҳамда ҳосил ҳажмини 20 тоннагача ошириш вазифасининг мантиқий давомидир, – дейди “BMB Holding” бош директори маслаҳатчиси Баҳодир Комилов. – Лойиҳа умумий қиймати 120 миллион евро бўлиб, шундан 70 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 37 миллиони “BMB Holding” маблағлари ва 13 миллиони “Ўзсаноатқурилишбанк” кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бугунги кунгача 84 миллион 600 минг евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, 2 гектар ер майдонида замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди. Унда қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, эфир мойи ишлаб чиқариш ускуналари ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган лаборатория мавжуд.
Сув ресурсларини тежаш мақсадида “AgroNanoGel Basic” гидрогелидан фойдаланиш тажрибаси жорий этилди. Бу сув сарфини 40–45 фоизгача камайтириш имконини беради. Шу билан бирга, қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам амалиётга жорий этилган. Бу эса нафақат харажатларни қисқартиради, балки атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтиради.
Ҳозирда “BMB Za'faron” бренди остида етиштирилаётган маҳаллий заъфарон ва унинг асосида тайёрланаётган 20 турдаги маҳсулот Италия, Австрия, Франция, Нидерландия, АҚШ, Саудия Арабистони каби қатор давлатларга экспорт қилинмоқда. 2021 йилда экспорт ҳажми 1 миллион 200 минг еврони ташкил этган бўлса, 2025 йил якунигача бу кўрсаткични 12 миллион еврога етказиш режалаштирилмоқда.
– “BMB Za'faron" маҳсулотлари “USDA Organic”, “FDA”, ISO 17025 ва ISO 3632-1:2011 каби халқаро сертификатларга эга, – дейди “BMB Holding” компанияси бош мутахассиси, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Марям Усмонова. – Шунингдек, Европанинг 10 га яқин давлатларидаги илмий лабораторияларда заъфарон маҳсулотларимиз чуқур таҳлиллардан муваффақиятли ўтган. Бу эса халқаро бозорда ишонч ва салоҳиятимизни янада мустаҳкамламоқда.
Мазкур лойиҳа орқали ижтимоий барқарорлик ҳам таъминланмоқда. Жорий йилда 25 минг нафар маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан, 450 нафар доимий иш ўрни билан таъминланди.
[gallery-25793]
– Эътиборлиси шундаки, эндиликда заъфарон ўзимизда ҳам тўғридан-тўғри унинг пиёзбошисидан етиштирилаётгани — агротехник мустақилликнинг муҳим қадами ҳисобланади, – дейди “BMB Holding” компанияси қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Собир Эгамбердиев. – Бу ўз навбатида, 2028 йилга қадар заъфарон плантацияларини 2 минг гектарга етказиш режасига мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Шу билан бирга, “BMB Holding” ўз заъфаронини маҳаллий “BMB Za'faronA’” бренди остида дунё бозорида танитиш ва экспортни янада кенгайтириш ниятида. Шу мақсадда компания таркибидаги “BMB Za'faron Restaurant” ва “BMB Za"faron Hotel” орқали маҳаллий брендни халқаро саёҳатчиларга кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/fD7CNcKuT9c" title="“БМБ Заъфарон” loyihasi – mahalliy agrosanoat istiqbolining yorqin namunasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА