Аввал хабар берганимиздек, Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Музработ тумани судида туҳмат, ҳақорат қилиш, товламачилик каби жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторий устидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Очиқ судда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган блогерлар, тарафларнинг адвокатлари ҳам иштирок этди.
Сурхондарёлик блогер О.Сатторий товламачиликда айбланиб, 29 январда қўлга олинган эди. Жиноят ишини тергов қилиш давомида у фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиш орқали моддий манфаат кўриб келганликда, фуқароларга Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир этганликда айбланган.
Суд мажлисида дастлаб тарафларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди. Айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Суд ишида жабрланувчилар тингланди.
Суд иши жорий йилнинг 17 март куни давом этадиган бўлди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА