Мамлакатимизда энг улуғ ва энг азиз байрам, Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Биз бир бўлсак — ягона халқмиз бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остида “Маънавият фестивали” ўтказилмоқда. Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманлари, маҳалла, қишлоқларида ҳам мазкур тадбир юқори кўтаринкиликда ўтмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Маҳаллалар уюшмалари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирларда жамоатчилик вакиллари, кекса нуронийлар, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.


Маънавият ва маърифат фестивали сифатида маданий-тарғибот дастурларини жамлаган тадбирлар ранг-баранглиги, бир қатор лойиҳаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, “Ватан мадҳи” концерт дастури, “Мутолаа марафони”, “Энг маънавиятли маҳалла” танлови, “Маърифат тур”, “Зиёлилар форуми”, “Уч авлод учрашуви”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Маърифат соати”, “Инсон қадри”, “Аждодларга эҳтиром”, “Кинокарвон”, “Маънавият кубоги” спорт мусобақаси, “Миллий бирдамлик”, “Меҳр-саховат” каби ижтимоий лойиҳалар аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик туйғуларини оширишга қаратилган.
Лойиҳа ва тадбирларда элимиз ардоғидаги Ўзбекистон халқ артистлари Теша Мўминов, Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Толиб Ҳожиев, Меҳмонали Салимов ҳамда Асадулла Набиев, Юнус Ражабий номли ўзбек миллий мусиқа санъати институти, профессори Салоҳиддин Азизбоев, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳитдинова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ёшлар мураббийси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар Салим Ашур, Фароғат Худойқулова, театр ва кино актёри Хуршид Тўхтаев ва бошқалар қатнашмоқда.


"Маърифат" тарғиботчилар жамияти, санъаткорлар, шоир, олим ва зиёлилардан иборат ижодий гуруҳ аъзолари айни дамда шаҳар ва туманлардаги амфитеатрлар, маданият марказлари, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида бўлиб, бухороликлар билан юзма-юз учрашувлар ўтказмоқда. Унда юртимизнинг бугунги шукуҳи, турли жабҳаларда амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорликлар ҳақида батафсил маълумот берилаётир. Концерт дастурлари билан халқимизга байрамона кайфият улашилмоқда.
Жумладан, Когон, Бухоро шаҳарлари, Вобкент, Когон, Бухоро, Қоракўл, Олот, Қоровулбозор, Ғиждувон, Шофиркон ва Пешку туманларидаги маҳаллаларда ташкил этилган маданий-маърифий тарғибот тадбирлари зўр уюшқоқлик билан ўтди. Худди шундай, вилоятдаги меҳрибонлик ва мурувват уйлари, имконияти чекланганлар ва махсус тарбия муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлар, энг чекка, олис ва чегара ҳудудлар, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари ҳам маънавият тарғиботчилари эътиборидан четда қолмаяпти.



Бундай самимий учрашув, юзма-юз мулоқот ва маданий-маърифий тадбирлар барча соҳа ва жабҳаларда эришилаётган ютуқлардан аҳолининг хабардорлигини ошириш, жамиятдаги маънавий муҳитни яхшилаш, ёш авлодни билимга чорлаш, ҳар бир фуқаро қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур ҳиссини оширишга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари